Жаҳон | 13:01 / 23.05.2023
10099
2 дақиқада ўқилади

НАТО Украина билан қурол-яроғ етказиб бериш бўйича битим имзолайди

Битим лойиҳасига кўра, Киевга қурол етказиб бериш узоқ муддатли бўлади. НАТО ва Украина ўртасидаги муносабатлар АҚШ-Исроил хавфсизлик муносабатларига ўхшаш бўлиши мумкин.

Фото: CNN

НАТО давлатлари Украина билан шартнома лойиҳасини ишлаб чиқмоқда, унга кўра Киев узоқ муддатли асосда Ғарб қуроллари ва ҳарбий технологияларини олади, деди Полша президенти Анжей Дуда душанба, 22 май куни Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетасига берган интервьюсида. «Россия бугун Украина хавфсизлик кафолатларини олганини ва бу кафолатлар тез орада тугамаслигини тушуниши керак», деди Дуда.

WSJ таъкидлашича, АҚШ президенти Жо Байден ва Ғарб бошқа етакчилари аввалроқ НАТО-Украина муносабатлари АҚШ-Исроил хавфсизлик муносабатларидан намуна олиши мумкинлигини айтишган. Ҳозирда Қўшма Штатлар ва Исроил ўртасида ўн йил давомида Исроилга кўп миллиард долларлик Америка қуролларини етказиб беришни назарда тутувчи келишув мавжуд. Шу билан бирга, у ташқи тажовуз содир бўлган тақдирда АҚШнинг Исроилга ёрдам кўрсатиш мажбуриятини англатмайди. 

The Wall Street Journal Оқ уй вакилига таяниб хабар беришича, Ғарб иттифоқчилари Украинага узоқ муддатли хавфсизликни таъминлаш учун ҳамкорлик формуласини ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда, чунки улар Украина, афтидан, яқин йилларда НАТО аъзосига айланмаслигидан келиб чиқяпти. Бундай келишув Кремлнинг узоқ давом этадиган уруш ўз манфаатига хизмат қилиши ва Ғарбнинг Украинага кўмаги вақт ўтиши билан сусайиши ҳақидаги иллюзиясини йўқ қилиши керак. 

НАТО-Украина кенгаши тузилиши июль ойида Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида эълон қилиниши кутилмоқда. Киев кенгаш йиғилишларини чақириш ва Шимолий Атлантика иттифоқи мамлакатларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия Украинага хавфсизлик кафолатларини бериш бўйича келишувнинг бевосита иштирокчиларига айланиши керак. 

Мавзуга оид