Жаҳон | 23:14 / 24.05.2023
11213
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Байдендан Россиянинг музлатилган активларини Украинага беришни сўради 

Конгрессмен Шифф ва конгрессмен Фицпатрик Байденни Россия активларини Украинага беришга чақирди. 

Фото: AP

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари – демократ Адам Шифф ва республикачи Брайан Фицпатрик президент Жо Байденга мактуб йўллаб, Россиянинг музлатилган активларини Украинага беришга чақирди. 

Конгрессменларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинган хабарда Киевга бу маблағларни ҳарбий ва гуманитар ёрдам сифатида ишлатишга рухсат бериш таклиф қилинган. 

«Ҳар бир доллар можаро натижасига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ушбу муҳим дақиқада сизни [Байденни] Украинанинг шошилинч ҳарбий ва гуманитар эҳтиёжларини қондириш учун АҚШ санкциялари остида музлатиб қўйилган Россия Марказий банкининг миллиардлаб долларлик активларини беришда ўз ваколатингиздан фойдаланишга чақирамиз. <…> бундай ҳаракатлар учун кучли ҳуқуқий асос бор. Халқаро ҳамжамиятга ким босқинчи экани ва бу ноқонуний уруш харажатларини ким кўтариши кераклиги аниқ – бу Россия», дейилади матнда. 

Америкалик қонунчилар таъкидлаганидек, Россия активларининг Киевга берилиши ҳозирги вазиятда тўғри қадам бўлар эди. Улар, шунингдек, Украинанинг бюджетга бўлган эҳтиёжи ойига 5 миллиард долларга баҳоланаётганини ва тикланиш 10 йил ичида 411 миллиард долларга тушишини қўшимча қилишди. 

Қайд қилинишича, тарихда бундай ҳолатлар аввал ҳам бўлган. Жумладан, президент Жорж Буш терроризм қурбонларига компенсация тўлаш учун Ироқ ҳукуматининг музлатилган маблағларидан 1,7 миллиард долларни берган. 

Мурожаатни конгрессменлар Ллойд Доггетт, Барбара Ли, Стив Коэн, Майк Куигли, кенжа Доналд Пейн, Эрик Суолвелл, Норма Торрес, Кевин Маллин ва Элеанор Ҳолмс Нортон ҳам имзолаган. 

Байден маъмурияти ҳозирча бу таклифга муносабат билдирмади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид