Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари кучайтирилган иш режимига ўтказилди
Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари юк машиналарининг кўплиги сабабли кучайтирилган иш режимига ўтказилди. Бу ҳақда Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, муаммоли ҳудудлар рўйхати тузилиб, томонлар чегарада машиналар тўпланиб қолишининг муаммоли жиҳатларини зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар комплексини кўрган.
«Транспорт оқимлари қайта тақсимланди (катта ҳажм реконструкция қилинган «Б.Қўнисбоев» назорат-ўтказиш пунктига йўналтирилди), назорат-ўтказиш пунктлари кучайтирилган иш режимига ўтказилди, божхона постлари чегарадан транспорт воситалари ўтишини назорат қилиш ишларини тезлаштириш мақсадида қўшимча ходимлар билан таъминланди. Давлат даромадлари қўмитасининг бош диспетчерлик бошқармаси товарларни чиқариш бўйича тун-у кунлик иш режимига ўтди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон икки йўналишда товарлар ва транспорт воситаларини қабул қилиш сонини кўпайтириш ва чегарада назорат операцияларини ўтказишни тезлаштириш бўйича музокаралар ўтказгани маълум бўлди.
«Ишчи гуруҳ яқин кунларда ҳар икки томоннинг барча назорат пунктлари ишини текширади. Ҳукумат топшириқлари ижроси доирасида Ўзбекистон билан чегарадаги ўтказиш пунктларида товарлар ва техникаларни ўтказиш ҳажмини ошириш бўйича ишлар давом эттирилади», — дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, май ойида мавсумий давр бошланиши билан Ўзбекистондан Қозоғистонга мева-сабзавот экспорти, жумладан, Россияга транзит йўл билан олиб ўтиш ҳажми ошиши эслатилди. Айни пайтда Туркистон вилоятидаги учта божхона постига кунига ўртача 900-1000 юк автомобили келмоқда.
Мавзуга оид
09:30 / 28.10.2024
Брянск губернатори чегарани ёриб ўтишга уриниш ҳақида маълум қилди
08:10 / 24.10.2024
Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида божсиз махсус савдо зонаси ташкил этилиши мумкин
13:50 / 12.10.2024
ЕИ автоматлаштирилган чегара тизимини ишга туширишни кечиктирди
21:27 / 09.10.2024