Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Евросиё иқтисодий иттифоқи форумида ЕОИИ тузилмаси ичида Россия ва Беларус иттифоқ давлати «феномени» мавжудлигига эътибор қаратди ва ҳамкасбларни мамлакатлар интеграциясининг турли даражаларини муҳокама қилишга таклиф этди.

«Жаҳон сиёсий тарихида ноёб прецедент ёки феномен - ягона сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий, иқтисодий, валюта, маданий, ҳуманитар макони билан «икки давлат – бир мамлакат» формуласи бўйича давлатни яратиш ҳодисаси. Ягона иттифоқ ҳукумати, ягона иттифоқ парламенти ва мени кечириб қўясиз, ҳатто ядро қуроли ҳам ҳозир иккита давлатга битта.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон билан интеграциянинг бошқа даражаси ҳам мавжуд ва биз бу реаллик билан ҳисоблашишимиз керак: бундай шароитда қандай ишлаймиз. Бу концептуал масала. Ўйлайманки, биз ушбу иқтисодий форумда мазкур муаммони муҳокама қилишимиз керак», — дея қайд этди қозоқлар президенти.

Экспертларга кўра, Тўқаев бу гаплари билан ЕОИИнинг ҳозирги форматининг келажаги йўқлиги ва у узоқ яшай олмаслиги ҳақидаги фикрни дипломатик оҳангда билдириб қўйган.

Хусусан, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Қозоғистон президенти бу орқали ЕОИИ доирасида бир эмас, иккита иттифоқ борлигига эътироз билдирганига эътибор қаратган: «Лукашенко ҳар доимгидек «келинглар, биргаликда ғарбга қарши курашайлик, бардам ва ҳамжиҳат бўлайлик!» деган позицияни илгари сурди. Лукашенконинг айтадиган бошқа позицияси ҳам деярли қолмади. У ҳокимиятда ўтириш учун Путинга ёқиши керак. Путинга ёқиш учун эса ғарбга қарши гапириши керак. 

Саммитда Тўқаев ҳар доимгидек ўзининг «лекин»ларини билдирди. Тўқаев ЕОИИ доирасида бир эмас, иккита иттифоқ борлиги ва бу ғалати эканлигини билдирди. 

Яъни ЕОИИ доирасида иккига бўлиниш, иккита жамоа борлиги ва бу зиддиятлар келтириб чиқараётганига эътибор қаратди. Ва, «Евросиё иқтисодий иттифоқи – бу энг аввало, иқтисодий бирлашма» дея урғулаб қўйди. 

Путиннинг юзидан, хўмрайиб ўтиришидан Тўқаевнинг гаплари ёқмаганини билиш қийин бўлмади. Иттифоқчилар!»

Эксперт шунингдек, бундай шароитда Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши оқибатларидан огоҳлантирган. У Ўзбекистон раҳбари таклиф этилганига қарамай, саммитга бормаганини таъкидлаб, бу яхши хабар эканини, лекин энди Москва томонидан Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилиш борасидаги босимлар кучайиб боришини қайд этган.

«Украинадаги уруш фонида Россия халқаро санкциялар босими остида қолиб кетди. Шу пайтгача Россия учун ЕОИИ – постсовет ҳудудини иқтисодий интеграция қилиб, иқтисодий «ютиш» модели эди. Энди эса ЕОИИ – Россия учун санкцияларни четлаб, айланиб ўтиш модели бўлиб кўринмоқда.