Зеленскийнинг дипломатик ҳужумлари: “қамал қилинаётган” Путин
Май ойининг иккинчи ўн кунлиги Украина президенти Володимир Зеленский учун дипломатик ҳужумлар ўн кунлиги бўлди. Боиси, Украинадаги уруш тақдири ва унинг оқибатлари, фақат уруш майдонида ҳал бўлмайди. Буни иккала томон ҳам яхши билади.
Урушлар ҳар доим жуда қиммат турадиган тадбир ҳисобланади. Ҳозирги глобаллашган дунёда эса, урушлардаги томонларнинг халқаро майдондаги қўллаб-қувватловчиларнинг кўплиги ёки озлиги – уруш натижаларини белгилаб берувчи сабаблардан бири.
Украинадаги уруш чўзилган урушга айланиб кетди. Уруш ўтган 2022 йилнинг 24 февралида бошланган эди, лекин ҳалигача давом этяпти. Биргина Бахмут шаҳарчаси учун, томонлар 9 ой урушди.
Зеленскийнинг дипломатик фаоллиги, Европанинг асосий давлатларига сафар билан бошланди. 13-15 май кунлари Зеленский Италияга, Германияга, Франция ва Буюк Британияга сафарлар уюштирди. Рим, Берлин, Париж ва Лондонда Зеленский Украинага етказилган ҳарбий ёрдамлар учун миннатдорчилик билдириб, янги ёрдамларни муҳокама қилди.
19 май куни эса, Володимир Зеленский Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Араб давлатлари лигаси саммитида, таклиф қилинган меҳмон сифатида иштирок этди. Бу саммитда кузатилган яна бир катта янгилик – унда 2011 йили бу ташкилотдан қувилган Сурия Араб Республикаси президенти Башар Асаднинг иштирок этиши бўлди.
2011 йилда “Араб баҳори” Сурияга ҳам “юқади” – Дамашқ ва бошқа кўплаб шаҳарларда оммавий намойишлар бошланади. Асад эса, бу намойишларни қонли бостиради. Натижада, араб давлатлари Башар Асадни АДЛдан ҳайдашади.
Мана энди, орадан 12 йил ўтиб, Саудия Асадни яна қайта ташкилотга чақирди. Фикрлар борки, Асаднинг Араб давлатлари лигасига қайтишини бироз юмшатиш мақсадида, бу саммитга Зеленскийни ҳам таклиф қилишди ва унга сўз беришди. Зеленский араб давлатлари раҳбарлари олдида катта нутқ сўзлади.
Жумладан, “Украинадаги мусулмонлар ҳисобланмиш қримтатарларини ҳимоя қилишда, асраб қолишда бизга ёрдам беринг. Биз ўз еримиз, ватанимиз учун урушяпмиз. Биз босқинчига қарши урушяпмиз”, дея хитоб қилди.
21-22 май кунлари эса, Япониянинг Хиросима шаҳрида, бир вақтнинг ўзида иккита катта йиғилиш бўлиб ўтди. Бири – Еттилик гуруҳи, яъни G7 бўлиб, унда саноатлашган еттита давлат раҳбарлари ва Украина президенти Зеленский ўзаро фикр алмашишди. Айтиш керакки, 2014 йилга қадар, бу ташкилотнинг номи “Саккизлик гуруҳи” эди; Украинанинг Қрим яримороли аннексия қилиниши сабабли, Россия бу ташкилотдан қувилган эди.
G7 давлатлари раҳбарлари Зеленскийга “урушнинг охирига қадар биз Украина биланмиз, қўллаб-қувватлашда давом этамиз” деган ваъдани беришди. АҚШ президенти Байден Украина президенти билан “НАТОдан ташқари иттифоқчилик ва ҳомийлик” масаласини муҳокама қилди. АҚШнинг баъзи яқин иттифоқчилари, ҳамкорлари НАТОга аъзо эмас, лекин, бу давлатларнинг хавфсизлигини таъминлашни, расмий Вашингтон ўз бўйнига олган. Мисол учун, Исроил давлати хавфсизлигини таъминлашни АҚШ ўз зиммасига олган. Бунинг учун, АҚШ ва Исроил ўртасида, “НАТОдан ташқари бўлган иттифоқчилик ва ҳомийлик” келишуви бор. Худди шундай Украина хавфсизлигини таъминлашни Вашингтон ўз зиммасига олиш ниятида. Ва бу келишув, Украина НАТОга аъзо бўлгунича ишлаши айтилади.
Қолаверса, G7 давлатлари Украинага қирувчи самолётлар, замонавий қурол-яроғлар етказиб бериш, украин ҳарбийларини тайёрлаш борасида, маълум мажбуриятлар олишди.
Хиросимада, шунингдек, Зеленский “глобал жануб” давлатлари раҳбарлари билан ҳам учрашди. Бу – Ҳиндистон, Индонезия, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар раҳбарлари эди. Жануб давлатлари билан мулоқотлар чоғида, Зеленский, уларни Россияга ҳарбий ёрдам бермасликка, Москванинг урушда ғалаба қозонишига бевосита ва билвосита кўмаклашмасликка чақирди.
Хўш, Россия президенти Владимир Путин-чи? Путин бугунги кунда халқаро майдонда иҳоталанган сиёсатчига айланиб бормоқда. Бир неча ой олдин, Путиннинг БМТ томонидан тузилган Халқаро жиноят суди томонидан қидирувга берилиши, Россия президентининг глобал ҳаракатланиш имкониятларини жиддий қисқартирди. Бундан кейин, Путин, ташқи дунёга чиқар экан, “бораётган давлатда менинг хавфсизлигимга яширинча ёки ошкора таҳдид йўқми?” деган саволни ўзига беришга мажбур.
Яқинда Жанубий Африка Республикасида БРИКС саммити бўлиши керак. Айрим маълумотларга қараганда, ЖАР томони Путиндан бу саммитга келмасликни, саммитда онлайн иштирок этишини илтимос қилган. Бу – Путинни қаттиқ таҳқирлайди.
Демак, Украина тарафи халқаро майдонда Путинни дипломатик қамал қилиш ҳаракатини кучайтирмоқда. Путин эса, ўзининг аксил-ғарб геосиёсий қутбини шакллантиришни орзу қилмоқда. Чўзилиб кетган Украинадаги уруш, икки томонни ҳам жиддий ҳолсизлантирди.
Энди, толиққан икки томон ҳам, қайта куч-қувват тўплаш учун, ташқи дунё мададига муҳтож. Лекин халқаро майдонда ҳозирча ташаббус кўпроқ Киев томонида қолмоқда.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
21:54
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
11:15 / 21.11.2024