Қонуннинг мақсади ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

  • Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
  • шахснинг, айниқса вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
  • жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш;
  • жабрланувчиларни, шунингдек ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарлик содир этган, шу жумладан илгари судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда ижтимоий мослаштириш;
  • жисмоний шахсларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланиш хавфини камайтириш;
  • вояга етмаган шахслар назоратсизлигининг, қаровсизлигининг, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг профилактикаси, уларнинг сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш;
  • вояга етмаган шахсларда конституция ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялаш;
  • ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган шахсларни ва оилаларни ижтимоий-педагогик жиҳатдан реабилитация қилиш;
  • шахсларни ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга жалб қилиш, ундаш ҳолларини аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
  • ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этувчи субъектларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

  • қонунийлик;
  • инсонпарварлик;
  • тизимлилик;
  • ишонтириш усулининг устуворлиги.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикасида иштирок этувчи субъект, ўз ваколатлари доирасида ғайриижтимоий хатти-ҳаракат, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида иш (ўқиш) жойидаги иш берувчини (маъмуриятни), яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини ғайриижтимоий хатти-ҳаракатнинг ва содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ҳолатларини, шунингдек уларга имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни кўрсатган ҳолда хабардор қилишга ҳақли.