Жаҳон | 23:42 / 26.05.2023
13431
3 дақиқада ўқилади

Навалнийга қамоқдаги «жиноятлари» тасвирланган жилдлар кўрсатилди, аммо айблов хулосаси берилмади 

Янги жиноят иши доирасида у 30 йилгача қамалиши мумкин, аммо нимада айбланаётганини билмайди. 

Фото: TASS

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний қамоқхонада «содир этган жиноятлари» санаб ўтилган 3828 саҳифадан иборат жилдлар ўзига кўрсатилганини тасдиқлади. Бироқ, унга айблов хулосаси берилмаган, шу сабабли, нимада айбланаётганини билмаслигини айтди. 

«Ҳа, шунча жиноятни содир қилибсан, дедим ўзимга-ўзим жуда катта жилдларга қараб. Бош прокуратура қамоқда бўлганимда содир этган жиноятларимнинг 3828 саҳифали тавсифини расман тақдим этди. Улар бўйича суд жараёни 31 май куни бошланади. Жилдларнинг катталигидан мураккаб ва қайсар жиноятчи эканлигим аён бўлса-да, айнан нимада айбланаётганимни аниқлаб бўлмайди. Улар айблов хулосасини оддий одамларга беришади ва мана ўқиб ўтиринг, дейишади», деди у. 

Навалний сўзларига кўра, унга айблов хулосаси жарима изоляторида «тақиқланган предмет» эканини айтишган. Ўз навбатида жуда катта жилдли жиноят ишлари эса «ундай эмас». 

«Айблов хулосамни колония маъмурияти олиб қўйди, чунки у жарима изоляторида тақиқланган нарса. Рўйхатда кружка (1 дона) ва китоб (1 дона) бор, лекин айблов хулосаси йўқ. Судланишинг ва 30 йилгача қамалишинг мумкинлиги, нимада айбланаётганингни билишни хоҳлаётганинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. - Сизга китоб беришдими, маҳкум Навалний? Шундай экан, ўтиринг ва ўқинг, нимада айбланаётганингизни ҳукм чиққан вақтда билиб оласиз», деб ёзди у. 

22 май куни Навалний 16-марта жарима изоляторига 15 суткага жўнатилди. Ваҳоланки, у бир кун олдин у ердан чиқарилган эди. 

Аввалроқ, у колония маъмурияти ўзи сотиб олган озиқ-овқатларни кўрсатишини ва муддати ўтиб кетгани учун ташлаб юборишини ҳам айтиб берган эди. 

«Буни ким ўйлаб топган бўлса, ҳурмат юзасидан шляпамни ечаман. Сиз нафақат ҳамма пулни сарфлаб, ҳеч нарса олмадингиз, балки олмаган овқатингизга ҳам қараб турдингиз», деди Навалний. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид