Жаҳон | 20:44 / 13.07.2026
2388
2 дақиқада ўқилади

Россия президентлиги сайловига қўйилмаган Борис Надеждин Москвада қўлга олинди

Сиёсатчи «тақиқланган экстремистик рамзларни оммавий намойиш этиш» моддаси бўйича ушланган. 2024 йилда у Россия президенти сайловида иштирок этиш учун номзодини рўйхатдан ўтказишга уринган, бироқ МСК уни рўйхатдан ўтказишни рад этган эди.

Фото: Сергей Булкин / ТАСС

Сиёсатчи Борис Надеждин 13 июл куни Россия Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.3-моддаси (тақиқланган экстремистик рамзларни оммавий намойиш этиш) бўйича қўлга олинди. Бу ҳақдаги маълумотни The Insider нашрига вазиятдан хабардор манба тасдиқлади. Бу ҳақда адвокат Дмитрий Трунин ҳам маълум қилди.

Надеждин Москвада полиция бўлимига олиб кетилди, деди The Insider суҳбатдоши.

Надеждиннинг ушланиши ва маъмурий ишига Алексей Навалний тилга олинган YouTube видеосига ҳавола сабаб бўлган.

Ҳавола Надеждиннинг 2023 йил ноябр ойида эълон қилинган каналидаги постида бор эди, ҳозир у ўчириб ташланган. Ҳавола фаол Элвира Вихареванинг YouTube’даги «Путинга қарши номзод 20 24» каналидаги видеога олиб борган.

Аввалроқ, 10 июл куни Надеждин Адлия вазирлигининг «хорижий агентлар» рўйхатига киритилган эди. Ушбу рўйхатга киритилган шахсга барча даражадаги сайловларда иштирок этиш тақиқланади.

Адвокат Труниннинг таъкидлашича, бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 20.3-моддаси бўйича жаримага тортилган ёки ҳибсга олинган номзодларга ҳам тегишли: катта эҳтимол билан улар номзод сифатида сайловга қўйилмайди ва тўпланган имзолар ҳақиқий эмас деб топилади.

Аввалроқ Надеждин Давлат Думаси сайловларида ўз номзодини қўйишини эълон қилган, унинг штаби бир неча шаҳарларда имзо тўплашни бошлаган эди.

Надеждин 1999-2003 йилларда «Союз правых сил» ҳаракатидан Давлат Думаси депутати бўлган. 2024 йилда у урушга қарши номзод сифатида Россия президенти сайловида иштирок этиш учун ўз номзодини рўйхатдан ўтказишга уринган, бироқ МСК унинг имзоларининг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиб, рўйхатдан ўтказишни рад этган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид