Ўзбекистон | 10:58 / 27.05.2023
14078
2 дақиқада ўқилади

Навоийда бир тумандан икки ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди

Хатирчи туманидаги маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи ушбу шахслардан бири фуқаролар номига кредит чиқариб, ўзлаштириб юборган, иккинчиси эса кредит олиб бериш учун фуқародан пул талаб қилган.

Фото: Fotolia / VIPDesign

Биринчи ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Хатирчи туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда фуқаро Ш.Т., “Х.” МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси А.Д. фуқаро Н.Ж. ҳамда бошқаларнинг номига уларнинг хабардорлигисиз балиқчилик ва асаларичилик фаолиятини ривожлантириш учун 354,9 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришган. Кейин ушбу маблағларни бошқа МЧЖларга ўтказиш орқали талон-торож қилишган.  

Иккинчи ҳолат ҳақида Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими Kun.uz’га хабар берди. Таъкидланишича, тумандаги “С” МФЙда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи Ш.И. олдига имтиёзли кредит олиш учун тавсиянома сўраб келган фуқародан 100 долар ҳамда 900 минг сўм пул талаб қилган. Шунингдек, у ушбу маблағ эвазига танишлари орқали 25 млн сўм миқдорида кредит маблағларини чиқартириб беришини айтган.

Фуқаронинг аризаси асосида 26 май куни Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, департамент ва ДХХнинг Навоий вилоят бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда ҳоким ёрдамчиси талаб қилган пулини олган вақтида ушланган. 

Шунингдек, тадбир давом эттириб, ҳоким ёрдамчисига кредит олувчи фуқароларни топиб бериб келган Ш.Б. ҳам терговга қадар текширув ишларига жалб қилинган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Қашқадарёда икки ҳоким ёрдамчиси ДХХ томонидан қўлга олинганди.

Мавзуга оид