Эрон ҳарбийлари ва толиблар ўртасидаги тўқнашувда уч киши ҳалок бўлди
Можарога сувдан фойдаланишдаги низо сабаб бўлган.
27 май куни Эрон ва Афғонистон ўртасидаги чегара пунктида рўй берган қуролли тўқнашув оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Эрондаги IRNA давлат агентлиги хабарига кўра, жанг вақтида эронлик чегарачилардан икки нафари ҳалок бўлган, тинч аҳоли вакилларидан яна икки киши яраланган, толиблар эса «жиддий йўқотишларга учраган».
Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб турган «Толибон» вакили ҳар икки томондан бир нафардан киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Томонлар бир-бирини можаро келтириб чиқаришда айблаган ва биринчи бўлиб рақиб томон ўт очганини даъво қилган.
Толиблар маълумотига кўра, айни вақтга келиб чегарадаги вазият назорат остида.
«Ал-Жазира» телеканалига кўра, аввалроқ Эрон президенти Иброҳим Раис «Толибон»ни сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича 1973 йилда тузилган келишувни бузишда айблаганди. Бу келишув Ҳилманд дарёсига тааллуқли бўлиб, икки мамлакатнинг чегара ҳудудларидан оқиб ўтади. Афғонистон томонида толиблар дарёни тўсиб қўйган, тўпланган сувдан электр энергияси ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги майдонларини суғоришда фойдаланган. Қурғоқчилик кузатилаётгани туфайли Эрон учун ҳам ушбу дарё сувлари жуда муҳим ҳисобланади.
Мавзуга оид
19:58
Эрон уранни бойитувчи илғор центрифугалардан фойдаланишни бошлаганини эълон қилди
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
08:39 / 22.11.2024
АЭХА раҳбари Эрон ядро дастури бўйича ҳисобот тайёрлайди
13:30 / 20.11.2024