Жаҳон | 20:19 / 29.05.2023
12360
2 дақиқада ўқилади

Туркиядаги сайловда номзодларга тенг имконият берилмади – ЕХҲТ 

Шунингдек, сайлов жараёни тўғри ташкил этилганига ва унда ҳақиқий сиёсий ташаббуслар билан чиққан номзодлар иштирок этганига қарамай, сайловолди ташвиқоти жараёнида нафрат сўзларига, камситувчи фикрларга йўл қўйилган. 

Фото: Getty Images

Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ, OSCE) кузатувчилари Туркиядаги президентлик сайлови бўйича якуний ҳисоботни эълон қилди. 

Унга кўра, сайлов жараёни тўғри ташкил этилганига ва унда ҳақиқий сиёсий ташаббуслар билан чиққан номзодлар иштирок этганига қарамай, сайловолди ташвиқоти жараёнида нафрат сўзларига, камситувчи фикрларга йўл қўйилган. 

Туркия оммавий ахборот воситалари сайловни холис ёритмади, мамлакатда сўз эркинлигининг чекланиши амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга бошқа номзодларга нисбатан тенгсиз имкониятлар яратди. 

Ҳисоботда қайд этилишича, барча номзодлар сайловолди ташвиқотини ўтказишда эркин бўлган. Бироқ, айрим мухолиф партияларнинг тарафдорлари таҳдид ва таъқибларга учраган. Бир вақтнинг ўзида бирлашган мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли ҳам, Эрдўған ҳам бир-бирини террорчи ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаган. 

Бундан ташқари, кузатувчилар мамлакат сайлов комиссияси биринчи турда қонунбузарликлар ҳақидаги ҳисоботларни чоп этишни кечиктирганини таъкидламоқда. Шунингдек, биринчи турдан кейин Туркия мухолифат блогерлари ва журналистларини фаол равишда ҳибсга олиш бошланган. Кўпгина телеканаллар қонунчиликда белгиланган шартларга риоя қилмаган, унга кўра номзодларга сайловолди ташвиқоти учун тенг имкониятлар яратилиши шарт. Бу ҳам хусусий, ҳам давлат оммавий ахборот воситаларига тегишли. 

28 май куни Туркия Марказий сайлов комиссияси бюллетенларнинг 99 фоиздан ортиғини санаб, Эрдўғаннинг президентлик сайлови иккинчи босқичида ғалаба қозонганини эълон қилди. Овоз берганларнинг 52,14 фоизи унинг номзодини ёқлади. Биринчи турда номзодларнинг ҳеч бири ғалаба қозониш учун зарур бўлган 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплай олмаган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид