Жаҳон | 19:45 / 29.05.2023
9264
2 дақиқада ўқилади

Хитой 2030 йилгача Ойга одамларни юборишини эълон қилди

АҚШ ҳам шундай режага эга экани ҳисобга олинса, Ойни эгаллаш борасида пойга бошланиб кетиши мумкин. 

Фото: Getty Images

Хитой 2030 йилгача Ойга одамларни юборади. Бу ҳақда мамлакат Космик парвозлар дастури бошқармаси (CMSA) директори ўринбосари Лин Сицян маълум қилди.

2022 йил ноябрь ойида Хитой «Тянгун» космик станцияси қурилишини якунлади. Мамлакат ҳозир Ойда доимий яшаш базасини ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Қўшма Штатлар учун ҳам худди шундай режалар борлиги ҳисобга олинса, яқин орада Ой юзасини эгаллаш борасида ҳуқуқий ва манфаатлар бўйича пойга бошланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, NASA 2024 йилда «Orion» космик кемасида космонавтларни Ойга юборишни, 2025 йилда эса уларни Ойга қўндиришни режалаштирган.

Аввалроқ, Хитой Chinese Lunar Exploration Program (CLEP) дастури доирасида 2030 йилгача Ойга одамларни қўндирмоқчи экани маълум бўлган эди.

CLEP дастури тўрт босқичдан иборат. Биринчи учтаси муваффақиятли якунланди ва бир йил олдин Хитой ҳукумати ўз олимларига тўртинчисини бошлашга рухсат берди. Бу, бошқа нарсалар қатори, одамларни Ернинг сунъий йўлдошига юборишни назарда тутади.

«2030 йилга бориб хитойликлар Ойга қадам қўйиши аниқ. Бу муаммо эмас», деган эди Вейрен Ву, CLEP раҳбарларидан бири.

Мавзуга оид