Жаҳон | 23:22 / 30.05.2023
15467
2 дақиқада ўқилади

АҚШ янги санкциялар доирасида «Россия дезинформациясига» қарши курашмоқчи 

Шу билан бирга Эрон дронларида топилган технологияларга қарши санкциялар ҳам жорий этилади.  

Фото: Anatoly Maltsev/EPA

Россияга қарши санкцияларнинг янги пакети дронларни етказиб беришга ва «Россия дезинформациясига» қарши курашга қаратилган бўлиб, тафсилотлар 31 май куни эълон қилинади. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди. 

«Эртага биз Украина фуқаролари ва фуқаролик инфратузилмасига қарши рейдларда фойдаланилган Эрон дронларида топилган технологиялар бўйича экспорт назоратини кучайтирувчи, шунингдек, Россиянинг дезинформациясига қарши курашувчи янги чораларни эълон қиламиз», деди Блинкен. 

«Охирги икки йил давомида қилган ишимиз, жумладан, экспорт назорати соҳасидаги чоралар Россиянинг Украинага бостириб кириши стратегик муваффақиятсизлик бўлиб қолиши учун жуда муҳим», деди давлат котиби. 

Унинг сўзларига кўра, чоршанба куни Швециянинг Лулео шаҳрида бўлиб ўтадиган АҚШ-Европа Иттифоқи савдо ва технология кенгаши йиғилишида шундай масалалар кўтарилади. 

«Шунингдек, биз иқтисодий мажбурлаш ва бозордан ташқари иқтисодий сиёсат ва амалиётларга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни муҳокама қиламиз», деб қўшимча қилди Блинкен. 

Украинада фойдаланиш учун Эрон дронларининг Россияга етказилишини Москва ва Теҳрон мунтазам равишда рад этиб келмоқда. 

Мавзуга оид