Жаҳон | 21:30 / 31.05.2023
10011
2 дақиқада ўқилади

Ҳаага суди Югославиянинг собиқ раҳбарларини 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди 

Ҳаага шаҳридаги БМТ суди собиқ Югославия хавфсизлик хизмати раҳбари Йовица Станишич ва унинг ўринбосари Франк Симатовични 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Йовица Станишич ва Франк Симатович / MICT

The Balkan Insight хабарига кўра, уларнинг қотиллик, депортация ва ғайриинсоний муомалага алоқадорлиги аниқланган. Бундан ташқари, суд Станишич ва Симатовични Сербия президенти Слободан Милошевич бошчилигидаги фитнада муҳим роль ўйнаган деб ҳисоблади. Унинг мақсади хорватлар ва босниялик мусулмонларга қарши этник «тозалаш» эди. 

Маҳкумлар айбланган жиноятлар 1992 ва 1995 йилларда Босния ва Ҳерцеговина ҳудудида содир этилган. Хусусан, 1992 йилда Сербия кучлари Босански-Шамац шаҳрини эгаллаб олган, шундан сўнг у ерда боснияликлар ва хорватлар учун олтита ҳибсхона ташкил этилган, унда асирлар калтакланган ва қийноққа солинган. Шаҳарда тинч аҳолини талон-тарож қилиш, зўрлаш ва судсиз қатл қилиш ҳолатлари ҳам содир этилган. 

Станишич ва Симатович иши бўйича суд жараёни 2003 йилдан бери давом этмоқда. Ўша пайтда БМТ собиқ Югославия бўйича халқаро трибунали уларни ҳибсга олиш ва Ҳаагага экстрадиция қилишга эришган эди. Ўн йил ўтгач, айбланувчилар оқланди, аммо 2015 йилда айблов бу қарор устидан шикоят қилди. 2017 йилда трибунал ўз ишини якунлади ва иш БМТ судига юборилди. 

2021 йилда суд иккаласини ҳам 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. Айбланувчилар ҳукм устидан шикоят қилишди ва янги суд жараёни бошланди. 31 май куни чиқарилган ҳукм (15 йиллик қамоқ жазоси) якуний ҳисобланади ва шикоят қилиниши мумкин эмас. 

Мавзуга оид