Жаҳон | 23:17 / 31.05.2023
22034
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея разведкаси сунъий идрок ёрдамида Ким Чен Ин вазнини ҳисоблаб чиқди 

Шимолий Корея етакчиси вазни 140 кг дан ошади ва у уйқусизликдан азият чекмоқда. 

Фото: Getty Images

Жанубий Корея давлат разведка бошқармаси Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда баҳолади, деб хабар берди Yonhap. 

Агентлик маълумотларига кўра, фотосуратлар ва видеоматериаллар таҳлили асосида Шимолий Корея етакчисининг вазни ҳақида тахмин қилинган. 

«16 май куни омма олдида нутқ сўзлаган Ким Чен Инда чарчоқ аломатлари кўринди, кўзлари остида аниқ қора доиралар бор эди. Сунъий идрок ёрдамида унинг вазнини таҳлил қилдик. Унинг вазни 140 дан 150 килограммгача эканлиги кўрсатилди», деди Жанубий Корея «Фуқаролик кучлари» ҳукмрон партияси вакили Ю Сан Бом разведка маълумотларига таяниб. 

Унинг сўзларига кўра, Сеул Ким Чен Инни нафақат ортиқча вазндан, балки уйқусизликдан ҳам азият чекмоқда, деб гумон қилмоқда. Шунингдек, унда тери касаллиги ва аллергия борлиги ҳам истисно қилинмаяпти. 

«Ўтган йилнинг охиридан бери Кимнинг қўлларида тирналган ва кўкарган жойлар доимий равишда кўринмоқда. Бу аллергия ва стрессдан келиб чиққан дерматитнинг комбинацияси деб тахмин қилиняпти», деди Ю Сан Бом. 

Аввалроқ КХДР етакчисининг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ким Ё Чжон мамлакатдаги «иситма» эпидемияси вақтида акаси оғир касал бўлиб қолганини маълум қилганди. 

Мавзуга оид