30 май тонгида Москвадаги учта турар жой биносига дронлар келиб урилди. Яна бир неча учувчисиз учар қурилмалар шаҳар ташқарисида уриб туширилган. РФ мудофаа вазирлиги буни «Киевдаги режим»нинг «террорчилик ҳужуми» деб баҳолади. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк эса Украинанинг бу ҳужумга «бевосита алоқаси» йўқлигини билдирди. «Медуза» бу ҳужум ҳақида шахси сир сақланган эксперт (Россия ҳукумати «исталмаган» ташкилот фаолиятидаги иштирок учун аввалига жарима қўллаши, бу ҳолат йил давомида такрорланса, жиноий иш очиб, тўрт йилгача озодликдан маҳрум этиши мумкин) билан суҳбатлашди.

— Ҳужумнинг энг эҳтимолли сценарийси қанақа эди: дронлар Украинадан келганми ёки Россия ҳудудидан учирилганми? 

— Идеалда, менимча, [буни қилган томон] максимал даражада хилма-хил ҳужумни уюштириши керак эди. Агар қўйилган вазифа ҳаво ҳужумидан мудофаа амалиётларини ва зарбаларни кузатишни мураккаблаштириш бўлса, ҳам Украина, ҳам Россия ҳудудидан учирилган дронлар комбинациясини қўллаш тўғри бўларди. 

Аммо биз ҳозир фақат тахмин қиламиз, чунки ҳеч қандай маълумот йўқ. Биз булар қандай дронлар экани, қандай тузилишга эгалиги ва қанча масофага ҳаракатлана олиши мумкин бўлганини билмаймиз. Эҳтимолий ҳолатларнинг бирига [агар дронлар Украина ҳудудидан учирилган бўлса] кўра, [Россия] ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига саволлар туғилади: учувчисиз учар қурилмалар қандай қилиб ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларидан қочиб, бундай узоқ масофани учиб ўтиши мумкин?

Иккинчи ҳолатда, агар парвозлар РФ ҳудудидан амалга оширилган бўлса, Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) савол бўлади: дронларни қандай қилиб Россия ҳудудига олиб кириш ва учириш мумкин эди? Ушбу сценарийлардан қайсидир бирининг эҳтимоллигини баҳолаш қийин. Нима бўлганда ҳам, Россия куч ишлатар тузилмаларига саволлар бор.

Менимча, уларнинг Украинадан учирилиши эҳтимоли юқорироқ эди: қолаверса, [у ердан] дронлар мунтазам равишда Брянск ва Белгород областларига учирилмоқда. Улар [украинлар] аллақачон [Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини] пайпаслаб қандайдир тешикни топган бўлиши керак.