Жаҳон | 22:54 / 31.05.2023
16301
2 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг Хитой миллий хавфсизлик раҳбарларини «энг ёмон сценарий»га тайёрланишга чақирди

Хитой раҳбарининг таъкидлашича, унинг мамлакати «қийин ва жиддий» вазият олдида ўз миллий хавфсизлик тизимининг куч ва воситаларини модернизация қилишни жадаллаштириши керак. 

Фото: Ludovic Marin/AFP/Getty Images

Хитой етакчиси Си Жинпинг юқори лавозимли миллий хавфсизлик амалдорларини «энг ёмон вазият сценарийлари» ҳақида ўйлашга ва «бўронли денгиз»га тайёрланишга чақирди. 

CNN хабарига кўра, бу баёнот Хитой расмийлари ҳар қандай ички ва ташқи таҳдидларга қарши курашни кучайтираётган бир пайтда янграган. 

«Ҳозир биз дуч келаётган миллий хавфсизлик муаммоларининг мураккаблиги ва қийинчиликлари сезиларли даражада ошди. Биз энг ёмон сценарийга, кучли шамол ва тўлқинлар, бўронли денгизлар синовига тайёр бўлишимиз керак», деди Си партия миллий хавфсизлик комиссияси йиғилишида. 

Унинг сўзларига кўра, «қийин ва жиддий» вазиятда Хитой миллий хавфсизлик кучлари ва воситаларини модернизация қилишни тезлаштириши, уларнинг «ҳақиқий жанговар» вазиятда амалий самарадорлигини оширишга эътибор қаратиши керак. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Си ўн йил олдин ҳокимият тепасига келганидан бери, миллий хавфсизликни Хитой бошқарувининг барча жабҳаларига сингиб кетган асосий парадигмага айлантирган. 

Хитой раҳбари сиёсат, иқтисод, мудофаа, маданият ва экологиядан тортиб, кибермаконгача бўлган барча соҳаларни қамраб олган миллий хавфсизлик концепциясини кенгайтирди. Концепция денгиз тубидан ва қутб минтақаларидан тортиб коинотгача, шунингдек, катта маълумотлар базаси ва сунъий интеллектни қамраб олади, деб ёзди CNN. 

Аввалроқ, АҚШ Ҳаво мобиллик қўмондонлиги раҳбари, генерал Майк Миниган Қўшма Штатлар ва Хитой 2025 йилда Тайван учун уруш бошлаши мумкинлигини тахмин қилган эди. 

Шунингдек, АҚШ ҳарбий-денгиз операциялари қўмондони адмирал Майкл Гилдей яқин йилларда Хитой ва Тайван ўртасида можаро бошланиши мумкинлигини башорат қилган эди. 

Мавзуга оид