Ўзбекистон | 10:40 / 01.06.2023
3336
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузади

Тошкент шаҳрида 31 май куни Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 15-йиғилиши бўлиб ўтди. 

Фото: gov.uz

Тадбирга Ўзбекистон томонидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Эрон томонидан эса Эрон саноат, конлар ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Саид Маҳдий Ниёзий ҳамраислик қилди. Унда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Савдо кўрсаткичларининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 1 миллиард долларга етказиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини имзолаш, Имтиёзли савдо битимини қабул қилишни жадаллаштириш, иккала давлатнинг ҳудудларида Маde in Iran ва Made in Uzbekistan кўргазмаларини ўтказишга келишиб олди. Бундан ташқари, икки томонлама савдодаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилади.

Инвестициялар соҳасида ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки мамлакатнинг йирик компанияларини жалб этишга тайёр эканини билдирди.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш, маданий-гуманитар соҳада ўзаро муносабатларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди. 

Йиғилиш якунлари бўйича музокаралар давомида эришилган барча икки томонлама келишувларни акс эттирган ҳамда Ўзбек-Эрон ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштиришга қаратилган Якуний баённома имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид