АҚШ Россиянинг СҲҚШдаги иштироки тўхтатилишига муносабат билдирди
Қўшма Штатлар Москвага стратегик қуролларининг ҳолати ва жойлашуви ҳақида маълумот узатишни тўхтатади. Давлат департаменти Россиянинг СҲҚШдаги иштирокини тўхтатиб қўйишини қонунан асоссиз деб атади.
Вашингтон Москванинг Стратегик ҳужум қуролларни қисқартириш бўйича шартнома (СҲҚШ)даги иштирокини тўхтатганига муносабат билдирди. Шу тариқа, Қўшма Штатлар энди Россияга ўзининг стратегик қуроллари, жумладан, ракета ва учирувчи қурилмаларнинг ҳолати ва жойлашуви ҳақидаги маълумотларни узатмайди, дея маълум қилди АҚШ Давлат департаменти 1 июн, пайшанба куни. У бу қарорини “Россия Федерацияси томонидан СҲҚШ шартномасини бузиш давом этаётгани” билан изоҳлади ва Россия президенти Владимир Путин 2023 йил 28 февралда Россиянинг иштирокини тўхтатувчи қонунни имзолаганидан сўнг, Россия шартноманинг ушбу банди бўйича ўз мажбуриятларини бажаришни тўхтатганини таъкидлади. АҚШ Давлат департаменти таъкидлашича, Россиянинг СҲҚШдаги иштирокини тўхтатиб қўйиши қонуний асосга эга эмас ва шунинг учун Москва шартнома бўйича ўз мажбуриятлари билан боғланган.
Бундан ташқари, Вашингтон россиялик мутахассисларга текшириш учун берилган визаларни ва Россия кўздан кечирувчи самолётларига доимий дипломатик рухсатномаларни бекор қилмоқда. Россия, шунингдек, Қўшма Штатлар томонидан қитъалараро баллистик ракеталар ва сувости кемаларида учириладиган баллистик ракеталар тўғрисидаги телеметрик маълумотлар билан таъминланмайди, аммо АҚШ Москвани бундай учиришлар ҳақида хабардор қилишда давом этади.
Қўшма Штатлар Россияни қарши чоралар тўғрисида олдиндан хабардор қилиб, агар Россия Федерацияси унга риоя қилишга қайтса, уларни бекор қилишга ва шартномани тўлиқ бажаришга тайёрлигини эълон қилди, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Март ойи охирида Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашининг (МХК) стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Вашингтон ва Москва ўзларининг ядровий қуроллари, жумладан, турли базалардаги ядро каллаклари ва бомбардимончи самолётлари ҳақида маълумот алмашишни тўхтатганини айтди.