Жаҳон | 19:19 / 02.06.2023
9815
2 дақиқада ўқилади

Белгород области губернатори: Шебекино округи ўққа тутилиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлди

Чегара ҳудудлардаги аҳоли яшаш манзилларига йўлланаётган зарбалар туфайли жами 16 киши яраланган.

Фото: Getty Images

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Украина қуролли кучлари Шебекино округи Маслова Пристан посёлкасида автойўл участкасини ўққа тутиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлганини маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, снаряд осколкалари йўлдан ўтаётган автомобилларга санчилган, улардан бирида икки аёл кетаётган бўлган. Олинган жароҳатлар оқибатида улар воқеа жойида вафот этган. 

«Иккинчи машинадаги икки киши жабрланган. Эркаклардан бирининг кўкрак қафасида, иккинчисида — оёқ қисмида осколкадан жароҳатлар аниқланган. Улар оғир аҳволда 2-рақамли шаҳар шифохонасига олиб борилган, барча зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда», — дея ёзган Гладков ўз телеграм-каналида.

Губернатор шунингдек, Волоконово районидаги  Тишанка қишлоғи ҳам стволли артиллериядан ўққа тутилганини маълум қилган. Бу ерда икки уйнинг ойналари тўкилиб тушган, марказий газ ўтказиш қувури ва электр узатиш линиялари шикастланган.  Валуйский округи Леоновка хутори ҳам зарба остида қолган. Бу ерда жабрланганлар йўқ, қишлоқ хўжалиги корхонасининг ғалла сақланадиган омбори шикастланган. 

Белгород области губернаторининг айтишича, сўнгги бир кун давомида Шебекино округи бўйлаб 850 та снаряд учирилган.

Унинг сўнгги маълумотларига кўра, чегара ҳудудлар ўққа тутилиши оқибатида жами 16 киши яраланган. 

  • 1 июн куни Гладков Шебекино мунтазам равишда ўққа тутилаётгани, шаҳарга «Град» баравар ўт очиш реактив тизимларидан ҳам зарбалар йўлланаётганини маълум қилганди. Натижада ётоқхона биноси ёниб кетган, унинг ёнидаги маъмурият биноси шикастланган. Бундан бироз аввалроқ Украина томонида туриб жанг қилаётган «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легиони Белгород областида янги рейд бошлаганини хабар қилганди. РФ мудофаа вазирлиги эса регион ҳудудига «кириб келишнинг олди олингани» ҳақида маълум қилган.

Мавзуга оид