Жаҳон | 04:54 / 17.08.2024
11176
3 дақиқада ўқилади

Украиналик ҳарбийлар Белгород вилояти ҳудудига 10 км кириб борди

Украинлар худди Курск вилоятидаги каби жадаллик билан олдинга силжий олмаган — ҳудуд миналаштириб ташланган ва танкка қарши тўсиқлар билан қопланган.

Фото: The Washington Post

Украина Қуролли Кучлари Белгород вилоятига уюштирилган рейдда Россия ҳудудига тахминан 10 километр кириб борди. Бу ҳақда операцияда иштирок этган украин ҳарбийлари The Washington Post’га маълум қилди.

«Ҳакер» лақабли 24 ёшли ҳарбийга кўра, у ўзи ва яна бир неча нафар украин аскарлари 11 август куни Колотиловка назорат-ўтказиш пункти ҳудудидаги чегарани зирҳли техникалар ёрдамида кесиб ўтган.

Украинлар худди Курск вилоятидаги каби жадаллик билан олдинга силжий олмаган. Ҳудуд миналаштириб ташланган ва танкка қарши тўсиқлар билан қопланган. Бундан ташқари, украиналик ҳарбийлар чегарадан ўтиши билан қақшатқич қаршиликка учраган — дронлар, артиллерия олови ва авиабомбалар ҳужуми остида қолиб кетган.

«Ҳакер»нинг айтишича, унинг гуруҳида бўлган ҳарбийларнинг деярли барчаси рейднинг биринчи кунидаёқ яраланган, айримлари оқибатда ҳалок бўлган. Россия томонидан ўт очишлар шу қадар кучли бўлганидан, УҚК аскарлари бир неча кун рус ҳандақларида беркинишга мажбур бўлган. 15 август куни улар зирҳли транспортёрда эвакуация қилинган. «Ҳакер» Россияда ҳалок бўлишдан қўрққанини, «уларнинг ҳудудини билмаслигини» айтди. «Биз кўр-кўрона ишлаётган эдик», — дейди у.

Россия расмийлари Белгород вилояти чегарасидаги жанглар ҳақида хабар бермади, шунга қарамай, очиқ манбаларда бу ҳақда маълумотлар тарқалди.

Хусусан, 12 август куни Колотиловка назорат-ўтказиш пунктида рус ва украин ҳарбийлари ўртасида тўқнашув юз бергани айтилди. Шундан кейин УҚК бўлинмаси чегарага жойлашиб олди. 13 август куни эса Россия қўшинлари Колотиловкадаги украиналик ҳарбийларни «Солнцепёк» оғир огнемёт тизимларидан ўққа тутаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Украина ҳарбийлари Белгород вилоятига кириб бораётгани ҳақидаги хабарлар УҚКнинг қўшни Курск вилоятига 10 август куни уюштирган ҳужуми фонига янгради. Ўшанда Telegram каналларда УҚК ҳарбийлари Грайворонский туманидаги «Пороз» қишлоғида эканини айтган видеоёзув тарқалди. Вилоят раҳбари Вячеслав Гладков кейинроқ УҚК «Пороз»нинг икки нафар фуқароси қўлга олганини маълум қилди. Шу билан бирга, у украин ҳарбийлари қишлоқда қоляптими ёки йўқ — бунга аниқлик киритмади.

12 август куни Белгород вилоятининг чегара ҳудудида жойлашган Краснояруский тумани расмийлари УҚК ҳужуми хавфи сабаб аҳоли эвакуация қилинаётганини билдирди. Аммо эртаси куни губернатор тумандаги вазият «нормаллашаётганини» айтди. 15 август куни эса Белгород вилоятида федерал дараждаги фавқулодда ҳолат режими жорий этилди.

Мавзуга оид