Иқтисодиёт | 20:52 / 02.06.2023
36553
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ЯИМ қарийб 15 фоизга ошди 

2022 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 2255 АҚШ долларига тенг бўлди. Бир йил олдин бу қиймат 1983 АҚШ доллари эди. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда 2022 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 2255 АҚШ долларига тенг бўлди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисига тақдим қилинган ҳисоботда айтилади. Бу кўрсаткич бўйича ўтган даврга нисбатан ўсиш қарийб 15 фоизни ташкил қилган. 

Қайд қилинишича, 2022 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 5,7 фоизни ташкил этган бўлса, инфляция даражаси 12,3 фоиз бўлган. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли реал даромадларининг юқори суръатларда (ўсиши 9,7 фоиз) ўсиб бораётганлигида ҳамда йил якунида жон бошига ЯИМ ҳажмининг 2 255 АҚШ долларига етганлигида намоён бўлган. 

2022 йилда ички валюта бозорида, иқтисодий фаолликнинг ортиб бориши таъсирида, чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифнинг юқори суръатларда ўсиши кузатилган. Хусусан, ички валюта бозорида 2021 йилга нисбатан қарийб 1,3 баробарга кўп, 27,7 млрд АҚШ доллари сотилган, валюталар хариди ҳажми эса, 1,4 баробарга ошиб, 14,8 млрд АҚШ долларини ташкил қилган. 

Сўмнинг алмашув курси нисбатан барқарор даражада шаклланиб, 12 ойлик девальвация кўрсаткичи 3,9 фоиз доирасида қайд этилган. Олтин-валюта захиралари эса, 36,4 млрд АҚШ доллари (2021 йилга нисбатан 1 млрд АҚШ долларига кўп) миқдорида шаклланишига имкон берган.  

Мавзуга оид