Украина билан урушда Россиянинг иттифоқчиси эмасмиз – Арманистон бош вазири
Шунингдек, бош вазир Пашинян Арманистон Россиянинг иттифоқдоши экани ҳақида баралла айтилмаган бўлса-да, бу ҳаммага сезиларли эканини таъкидлади.
Арманистон Украина билан урушда Россиянинг иттифоқчиси эмас. Бу ҳақда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Чехиянинг CNN Prima News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Сиз бизни Россиянинг иттифоқдоши деб айтдингиз. Албатта, бу ҳеч қачон очиқ айтилмаган, лекин менимча, бу ҳаммага сезиларли. Биз Украина билан урушда Россиянинг иттифоқчиси эмасмиз. Бу уруш, бу можаро ҳақидаги тасаввуримиз — хавотирли, чунки бу барча муносабатларимизга бевосита таъсир қилади», деди бош вазир.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб Арманистон Россиянинг иттифоқчиси эканини пайқаяпти, Москва эса Ереван Украинадаги урушни қўллаб-қувватламаётганини кўрмоқда.
«Демак, биз бу вазиятда ҳеч кимнинг иттифоқчиси эмасмиз, яъни биз заифмиз. Кўринишидан, бу тўқнашувларнинг барчасидан қочишнинг қандайдир йўли бор, лекин ҳақиқат шундаки, вазият қанчалик қийин бўлса, манёвр қилиш учун жой шунчалик кам бўлади. Биз вазият бўйича ҳеч қандай фикримиз йўқлиги учун эмас, балки мен айтганларим туфайли қочяпмиз – бизнинг муаммоларимиз анча катта, улар бошқа масалаларни ҳал қилишда кўпроқ иштирок этишимизга имкон бермайди», деди Пашинян.
Пашиняннинг ушбу интервьюси май ойида Чехияга ташрифи чоғида ёзиб олинган эди.
- Май ойида Пашинян Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) қўшма машғулотларида қатнашишга ҳали қарор қилмаганини, чунки Ереванда ташкилот «Арманистонни тарк этаётгани» ҳақидаги таассурот пайдо бўлганини айтди. Унинг тан олишича, Арманистон КХШТ аъзолигини тугатиш ёки музлатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.
- Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова шундай деди: «Агар бу Арманистоннинг КХШТдан чиқиши бўйича ўз позициясини олдинга суришга қаратилган сўз ўйини бўлса, менимча, бу ўйин қанчалик хавфли эканини тушуниш керак».
- Бунга жавобан Пашинян Россияда президент ва бош вазир билан суҳбат қуришини, ТИВ вакили эса унинг баёнотларига изоҳ бера олмаслигини айтди.