Жаҳон | 18:28 / 03.06.2023
16131
2 дақиқада ўқилади

Анқарада Туркия президенти инаугурацияси маросими бўлиб ўтди

Парламент биносида президентнинг қасамёд қилиш ва инаугурацияси тантанали маросими ўтказилди.

Фото: AP

3 июнь куни Анқарадаги Туркия парламенти биносида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг қасамёд қилиш ва инаугурацияси тантанали маросими бўлиб ўтди.

Инаугурация маросими иштирокчилари орасида дунёнинг 78 давлати вакиллари, жумладан, 20 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари бор эди. Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Туркия парламенти муваққат раиси Девлет Бахчели давлат раҳбарига президентлик сайловидаги ғалабадан далолат берувчи ҳужжатни топширди.

Кейин Эрдўған Туркия халқига қасамёд матнини ўқиб берди:

«Туркия президенти сифатида тарих ва буюк турк халқи олдида мамлакат давлатчилиги ва мустақиллиги қўриқлаш, Ватан ва халқнинг ажралмаслигини таъминлаш, дахлсиз суверенитетни ҳимоя қилишга, Конституция, қонун устуворлиги, демократия, Отатурк аҳдлари ва мероси, дунёвий республика тамойилларига амал қилишга шараф ва қадр-қиммат билан қасамёд қиламан. Миллий ҳамжиҳатлик ва адолат руҳидан келиб чиққан ҳолда, халқ фаровонлиги ва гуллаб-яшнашини кўзлаб, ҳар бир фуқаро учун умумэътироф этилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ғоясидан четга чиқмасликка қасамёд қиламан. Туркия Республикасининг шаъни ва обрўсини ҳимоя қилишга ва юксалтиришга қасамёд қиламан. Менга юкланган вазифаларни холис бажариш учун бор кучимни ишга соламан», деди у.

Эрдўғон инаугурация маросимидан сўнг Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк мақбарасига гулчамбар қўйди.

Тантанали тадбирлар дастури Эрдўған табрикларни қабул қиладиган Президентлик мажмуасида давом этади.

Шундан сўнг, Туркия раҳбари Чанқая қароргоҳига йўл олади ва у ерда олий мартабали меҳмонлар шарафига расмий кечки овқат берилади.

Тадбирнинг охирги нуқтаси эса Туркиянинг қайта сайланган президенти мамлакатнинг янги ҳукумати таркибини эълон қиладиган брифинг бўлади.

28 май куни бўлиб ўтган сайловда қайтадан давлат раҳбари этиб сайланган Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ваколат муддати 2028 йилгача давом этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид