Жаҳон | 20:03 / 06.06.2023
36780
7 дақиқада ўқилади

Каховка ГЭС тўғонидаги портлаш: энди Қрим сувсиз қоладими?

Украинанинг Херсон областида Днипро дарёси ўзани тўсиб қурилган Каховка гидроэлектрстанцияси тўғони портлатиб юборилди. Сув омборининг суви сатҳи шиддат билан камаймоқда, далалар ва шаҳарларни сув босмоқда. Ҳодиса аллақачон тарихий миқёсдаги техноген фалокат деб аталмоқда.

Фото: Каховка ГЭСи тўғони ёрилиши. Фото: Ukraine now

Каховка ГЭС Днипро дарёсида қурилган гидроэлектрстанциялар каскадининг олтинчи босқичи ва Херсон областининг Нова Каховка шаҳридан 5 км шимолда жойлашган.

Қайд этиш жоизки, Украинанинг Херсон областидаги Днипро дарёсининг сўл қирғоғида жойлашган Каховка ва Нова Каховка аҳоли пунктлари Россия қўшинлари оккупацияси остида. Дарёнинг ўнг қирғоғи 2022 йилнинг ноябр ойи бошларида Украина ҚК томонидан озод қилинган эди.

Айни пайтда критик даражада сув босиши мумкин бўлган зонада 16 минг киши қолган, ўндан ортиқ аҳоли яшаш пунктлари хавфли зонада жойлашган.

Россия томони аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгашида Украина қуролли кучлари томонидан ГЭСнинг ўққа тутилиши билан боғлиқ провокацияларни тўхтатишга чақирган хатни тарқатган эди.

Россия нашрлари тўғон Украина ҳарбийларининг ўт очишлари туфайли ёрилиб кетганини таъкидлашмоқда.

Аммо Украина томони ГЭС тўғонининг портлатилишида россиялик ҳарбийларни айбламоқда. Оккупация остидаги Нова Каховка шаҳрининг Украина томонидан тайинланган мэри Володимир Коваленко ГЭСнинг машина зали портлатиб юборилганини айтган. «Укргидрэнерго» АЖ эса ГЭСни энди тиклаб бўлмаслигини таъкидлаган.

Каховка ГЭСининг жойлашиш ўрни. Фото: Google Maps

Украина Разведка бош бошқармаси 2022 йил апрелидан буён рус қўшинлари сув омбори тўғонини миналаштириш бўйича асосий ишларни амалга ошириб бўлишганини таъкидлаб келади. 2022 йил октябрида Каховка ГЭСи шлюзлари ва тиргакларини қўшимча равишда миналаштиришган.

«Тўғонда тентланган иккита «КамАЗ» машинаси ҳайдовчиларисиз ўрнатилган. Уларга тўлиқ портловчи моддалар ортилган», — деб ёзганди Украина разведка бош бошқармаси.

Украинанинг «Атеш» партизанлик ҳаракати Каховка ГЭСи тўғонини ким портлатганини аниқлаб бўлишганини таъкидлаган. Уларнинг ахборотига кўра, бу ишни РФ МВ 205-мотоўқчи бригадасининг 1-батальони аскарлари қилишган.

Шаҳарларни шиддат билан сув босмоқда

Нова Каховка шаҳрини ҳам секин аста сув босмоқда. Володимир Коваленкога кўра, сув аллақачон шаҳарнинг Днипро шоҳкўчасигача етиб келган. Шаҳар ҳайвонот боғи, ёзги театр, Шевченко ҳайкали олдигача сув етиб келган.

«Портлатиш жуда даҳшатли тус олди. Улар нафақат тўғон устидаги йўлни, Каховка ГЭСининг машина залини ҳам портлатишган. Вайронгарчиликлар техноген характерга эга — сув омборидан катта ҳажмдаги сув оқиб чиқмоқда», — деган у.

Нова Каховкадаги стадионнинг ҳозирги ҳолати. Фото: UNIAN

Коваленконинг сўзларига кўра, россияликлар ўзлари оккупация қилган ҳудудларда информацион вакуум ҳосил қилиб, сигналларни тўсишмоқда. Оператив вазиятдан ўз вақтида хабардор бўлиш мураккаб бўлиб турибди.

Днипро дарёсининг қуйи оқимида сув ҳажми кўпаймоқда. Нова Каховка районининг Россия таъсиридаги маъмурияти раҳбари Владимир Леонтьев Нова Каховкада сув сатҳи 10 метрга кўтарилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Корсунка ва Днипряни аҳоли пунктларида тинч аҳолини эвакуация қилиш бошланган.

Нова Каховкада одамларнинг қутқарилиши. Фото: Ukraine now

Аввалроқ Украина ҳукумати Днипро дарёсининг ўнг соҳилига эвакуация бошланганини эълон қилишган эди. Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко Тошкент вақти билан 12:00 гача 742 киши қутқарилганини айтган. Айрим аҳоли пунктларига қутқарувчилар етиб бора олишмаяпти.

Сув тошқини харитаси. Фото: Ukraine now

Тўғон портлатилиши қандай оқибатлар келтириб чиқаради?

70 фоиз сувни Каховка сув омборидан оладиган Кривий Риг (Кривой Рог) шаҳрида ҳам сув билан боғлиқ муаммолар бошланган. Шаҳар маъмурияти раҳбари Олександр Вилкулнинг ёзишича, сув истеъмолини зудлик билан 30 фоизгача камайтириш талаб этилади. Шаҳар аҳолиси дўконлардан оммавий тарзда ичимлик сувини харид қила бошлашган.

Запорижжя атом электр станцияси ҳам Днипро дарёси қирғоғида жойлашган. Сув омбори сатҳи тушиб кетиши ҳам АЭС ишига салбий таъсир ўтказади.

Сув омбор тўғони олдидан Шимолий Қрим каналига ҳам сув олинади. Сув сатҳи тушиб кетиши каналга сув ўтмай қўйиши, бинобарин, уруш бошланганидан буён Днипро дарёсидан тўйинтирилаётган Қрим яриморолининг сув таъминоти ҳам тўхташига олиб келади.

Сув тошқини оқибатлари. Фото: Ukraine now

Айнан мана шу важ билан Россия томони тўғон қарши ҳужумга тайёрланаётган украиналиклар томонидан портлатилган деган версияни илгари суриб, жавобгарликни Украина ҚК зиммасига юкламоқчи бўлмоқда.

Лекин Шимолий Қрим каналидан ташқари, Днипропетровск области ва Кривий Риг шаҳрини сув билан таъминловчи Каховка канали ҳам сув омборидан сув олади. Сув сатҳи пасайиши билан бу каналларга сув ўтмай қўяди. Юз минг гектарлаб далалар, ўнлаб кичик аҳоли пунктлари ва катта бир шаҳар сувсиз қолади.

Россия ҳукумати Қримга сув қайтишини байрам қилганди, аммо энди сув яна йўқолишидан қайғуга тушмаяпти

«Қримда 2,5 млн киши яшайди. [Украина ҳукумати] сувни узиб қўйди. Қўшинлар киришига ва Қримга сувни очишига тўғри келди. Бу бизнинг ҳаракатларимиз мантиғига мисол. Агар бу ҳаракат қилинмаганида - бошқа ҳаракат ҳам бўлмасди», - 2022 йил 14 октябрида Владимир Путин Астанадаги чиқиши вақтида уруш режа асосида кетаётгани ва Россия қўшинлари барчасини тўғри қилаётганини шундай тушунтириб берганди.

2022 йил 24 февралида, Россиянинг Украинага босқини бошланиб, Херсон области зудлик билан эгаллаб олинганида эса аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов дарҳол Шимолий Қрим каналидан сув таъминотини тиклашга буйруқ берганди.

Ўшанда Аксенов Қримга сув таъминоти тикланиши бошланган уруш мақсадларидан бири эканини яширмаганди. Канал разблокировка қилиниши ўнлаб миллиард рублни тежаш ва яриморолда қишлоқ хўжалигини қайта йўлга қўйишга имкон берган.

Сенатор Олга Ковитиди ўшанда кўплаб интервюларида тез орада яриморолда худди советлар даврида бўлгани каби яна гуруч ва маккажўхори етиштириш бошланишини такрорлаган, пропаганда буни хурсандчилик билан нишонлаганди.

Энди эса россиялик мулозимлар бугунги ҳодиса Қримга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини айтишга шошилмоқда. Эрталаб РИА Новости мухбирига тўғонда барчаси жойидалигини айтган Нова Каховка «мэри» Владимир Леонтьев эса эндиликда канал сувсизланиши хавфи йўқлигини айтмоқда. Севастопол губернатори Михаил Развозжаев эса барчаси жойида бўлиши, чунки яриморолдаги сув омборлари тўлдирилганига ишонтиришга уринмоқда - лекин бу сув омборларга сув шу каналдан келади.

Каховка ГЭС вайрон бўлиши натижасида катта эҳтимол билан яриморол яна сувсиз қолади. Энди Россия расмийлари ҳам Қрим бу сувга унчалик муҳтож бўлмагани ҳақида айта бошлашини кутиш қолди.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид