Ўзбекистон | 19:16 / 06.06.2023
33936
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 13 ёшли қизни зўрлаган оилавий болалар уйи раҳбари 12 йилга қамалди

52 ёшли эркак ўзи ташкил этган оилавий болалар уйида тарбиялаш учун меҳрибонлик уйидан олган 13 ёшли қизни зўрлаганликда айбдор деб топилган.

Бугун, 2023 йил 6 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида Чироқчи туманидаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлиб ишлаган 1971 йилда туғилган шахсга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар бермоқда.

Ёпиқ суд мажлисида эълон қилинган суд ҳукмига кўра, 52 ёшли эркак Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми “а” банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган.

Унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрел ойида ижтимоий тармоқларда Чироқчи туманида 52 ёшли шахс ўзи меҳрибонлик уйидан тарбиялаш учун 8 нафар болани олгани ва улар орасида бўлган 13 қизни зўрлаб ҳомиладор қилиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Олий суд матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдириб, қизни зўрлаган шахсга Жиноят кодексининг 129-моддаси 2-қисми ва 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини, гумондор ҳибсга олинганини маълум қилганди.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари талабларига мувофиқ 18 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмайди.

 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид