Жаҳон | 09:34 / 06.06.2023
3195
2 дақиқада ўқилади

ЕИ суди: Полшадаги суд ислоҳоти Европа Иттифоқи қонунларини бузяпти

Европа Иттифоқи суди Полшада давом этаётган суд-ҳуқуқ ислоҳоти юзасидан Варшава билан зиддиятдаги Еврокомиссиянинг шикоятини қаноатлантирди. Суд қарорида айтилишича, бу ислоҳот Европа Иттифоқи қонунчилигига зиддир.

Фото: Getty Images

Полша Варшава ҳукумати томонидан олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича Брюссел билан баҳсда Европа Иттифоқи судида якуний мағлубиятга учради. 5 июн, душанба куни Люксембург суди Еврокомиссиянинг шикоятини қаноатлантириб, Полша ислоҳоти қоидалари Европа Иттифоқи қонунчилигига зид эканини тан олди.

Хусусан, гап Полша судлари энди интизомий жавобгарликка тортилиш хавфисиз Европа Иттифоқи қонунчилигини ўргана олмаслиги ёки судялар ҳокимият органларига ўзларининг сиёсий фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши шартлиги ҳақида бормоқда. Судяларнинг ташкилот ёки партияга аъзолигини эълон қилиши ва бу маълумотларнинг эълон қилиниши шахсий ҳаётни ҳурмат қилиш бўйича асосий ҳуқуқларни бузади, дейилади ЕИ суди қарорида.

Европа Комиссияси бу қарорни олқишлади. “Бугун Полшада мустақил суд тизимини тиклаш учун муҳим кун”, деб ёзди Европа комиссари Диде Рейндерс Twitter'да.

Варшава, ўз навбатида, суд қарорини танқид қилди. "Бу қарор судялар томонидан эмас, балки сиёсатчилар томонидан ёзилган. Бу Европа шартномаларини очиқдан очиқ бузиш, Европа судида йўқ бўлган ваколатларга тажовуздир", - деди Полша адлия вазири Збигнев Зёбро.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид