Жаҳон | 11:56 / 07.06.2023
4486
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия ва Хитойдан таҳдидларни кузатиш учун айғоқчи сунъий йўлдошларни учиради

АҚШ Россия ва Хитойдан эҳтимолий таҳдидларни кузатиш учун айғоқчи сунъий йўлдошлар туркумини учиради. Улар Хитой ва Россия космик кемалари ҳақида 24 соат давомида маълумотларни йиғишни таъминлаш орқали ерусти ва паст орбитали кузатиш тизимларининг чекловларини енгиб ўтади.

Қўшма Штатлар Россия ва Хитойдан эҳтимолий таҳдидларни кузатиш учун айғоқчи сунъий йўлдошлар туркумини орбитага чиқаради. Бу ҳақда Америка Космик кучлари баёнотига таяниб Bloomberg ёзмоқда.

Silent Barker деб номланган сунъий йўлдошлар тармоғи Ердан тахминан 35 400 км баландликда жойлаштирилади. Айғоқчи сунъий йўлдошлар АҚШ тизимлари учун «таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш мақсадида коинотдан объектларни қидириш, аниқлаш ва кузатиш имкониятини беради», дея маълум қилди Космик кучлар. 

Silent Barker сунъий йўлдошлари жорий йилнинг ёзида, июлдан кейин учирилиши кутилмоқда. Улар Boeing ва Lockheed Martin компанияларига тегишли United Launch Alliance томонидан бошқариладиган Atlas V ракетасида орбитага чиқарилади. Аниқ парвоз санаси ижтимоий тармоқларда амалга оширилишидан 30 кун олдин эълон қилинади, деб таъкидлайди Bloomberg.

Сунъий йўлдош тармоғининг учирилиши Хитой ва Россиянинг бошқа сунъий йўлдошларни йўқ қилишга қодир орбитал тизимларни яратишга қаратилган ҳаракатларига жавобдир, деб ёзади агентлик. Вакиллар палатаси Қуролли кучлар қўмитасининг космик дастурларни назорат қилувчи стратегик қуйи қўмитаси собиқ юқори мартабали аъзоси Сара Минейро Bloomberg’га янги туркум «бизнинг сунъий йўлдошларимиз атрофида ёки яқинида манёвр қилиши мумкин бўлган душман сунъий йўлдошларини кузатиш қобилиятини сезиларли даражада оширади» деди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид