Жаҳон | 12:03 / 07.06.2023
4029
3 дақиқада ўқилади

Генератив сунъий интеллект бозори 10 йил ичида 1,3 трлн долларгача ўсади - Bloomberg 

Bloomberg таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, ChatGPT каби генератив сунъий интеллект бозори 30 баробардан кўпроққа ўсади ва 2032 йилга бориб 1,3 триллион долларга етади. Уларнинг фикрига кўра, бу бозор технологик секторнинг иш услубини тубдан ўзгартириши мумкин бўлган портловчи ўсишни кутмоқда.

Фото: Reuters

Bloomberg Intelligence таҳлилчиларининг ҳисоботида айтилишича, генератив сунъий интеллект бозорининг даромадлари 2032 йилга бориб 1,3 триллион долларгача ошиши мумкин. Бу 2022 йилда 40 миллиард долларлик фойда келтирган ушбу бозор ҳажмидан 32 баравар кўпдир.

Таҳлилчиларнинг фикрича, генератив сунъий интеллект сектори 10 йил ичида портловчи ўсишни бошдан кечиради, бу эса технология сектори иш услубини тубдан ўзгартириши мумкин. Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, сектор 10 йил давомида 42 фоизга ўсиши мумкин, бу эса нейрон тармоқларни ўқитиш учун инфратузилмага, шунингдек, сунъий интеллект моделлари, реклама ва бошқа хизматларга эга қурилмаларга бўлган талабни тушунтиради. Bloomberg прогнозларига кўра, сунъий интеллектни ўқитиш инфратузилмаси бозори 2032 йилга бориб тахминан 247 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин. Ҳисоботда айтилишича, бу вақтга келиб рақамли рекламадан тушган даромад 192 миллиард долларга, сунъий интеллект серверлари даромади эса 134 миллиард долларга етиши мумкин. Bloomberg маълумотларига кўра, асосий фойда олувчилар Amazon бўлими, Alphabet (Google'нинг бош компанияси), микрочип ишлаб чиқарувчи Nvidia ва Microsoft бўлиши мумкин.

Nvidia’нинг бозор қиймати 30 май куни чат-ботларнинг машҳурлиги фонида даромадлар ўсиши прогнозидан сўнг биринчи марта 1 триллион долларни ташкил этди, бироқ кейинчалик пасайди ва 6 июнда 967,5 миллиард долларни ташкил этди. 24 майдан бери компания акциялари деярли 30 фоизга ўсди: Нью-Йоркдаги Nasdaq биржаси ёпилишида улар бир қоғоз учун 391,71 долларни ташкил этди.

Генератив сунъий интеллект мавзуси OpenAI компанияси ChatGPT чат-ботини тақдим этганидан кейин оммалашди. Март ойида мингдан ортиқ эксперт сунъий интеллектнинг янада кучли тизимларини ўқитишни олти ойга тўхтатиб қўйишга чақирди. Уларнинг фикрига кўра, умумий хавфсизлик протоколларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарур ҳамда уларнинг ижобий таъсири ва рискларни бошқаришга ишонч мавжуд бўлганда тадқиқотлар давом эттирилиши мумкин. Очиқ хатни имзолаганлар орасида SpaceX ва Tesla асосчиси, OpenAI асосчилари ва инвесторларидан бири бўлган Илон Маск ҳамда Apple асосчиларидан бири Стив Возняк бор. Microsoft асосчиси Билл Гейцнинг айтишича, сунъий интеллектни тўхтатишга чақириш муаммони ҳал қилмайди. Унинг фикрича, сунъий идрок кучидан қандай самаралироқ фойдаланишга эътибор қаратиш керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид