Жаҳон | 07:07 / 07.06.2023
15127
2 дақиқада ўқилади

Каховка ГЭС бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши: Россия ва Украина бир-бирини айблади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Каховка ГЭС тўғонининг бузилишини Украина фуқаролик инфратузилмасига энг катта зарар етказган воқеа деб атади.

Фото: pravda.com.ua

6 июн, сешанба куни Каховка ГЭС бузилганидан кейин Россия ва Украина илтимосига кўра чақирилган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Москва ва Киев авария бўйича яна бир-бирини айблади.

Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица Россияни айблаб, воқеани “оммавий экологик ҳалокат бомбаси” ва “кенг кўламли экологик террорчилик ҳужуми” деб атади, бу сўнгги ўн йилликларда Европадаги энг йирик техноген фалокатга айланди. Кислицанинг сўзларига кўра, Россиянинг мақсади имкон қадар кўпроқ одамни қамраб олиш ва атроф-муҳитга катта зарар етказиш эди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя бунга жавобан Украина тўғон вайрон бўлганига масъул эканини айтиб, уни атайлаб бузганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучлари бу ишни қўшинларни қайта тўплашдан чалғитиш ва ГЭСга туташ ҳудудлар аҳолисига зарар етказиш мақсадида қилган.

БМТ Бош котибининг ҳуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитснинг айтишича, тўғоннинг бузилиши “Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери фуқаролик инфратузилмасига зарар етказган энг жиддий воқеа бўлиши мумкин”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид