Жаҳон | 20:15 / 08.06.2023
15239
3 дақиқада ўқилади

Washington Post: Украина қарши ҳужумга ўтди

Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумлар қайтарилганини маълум қилди. 

Фото: Heidi Levine for The Washington Post

Украина ҳарбийлари «узоқ кутилган қарши ҳужумни» бошлади, деб ёзди The Washington Post. 

Нашрнинг тўртта манбаси берган маълумотга кўра, Украина қўшинлари мамлакатнинг жануби-шарқида россияликларнинг илғор позицияларига зарбаларини кучайтирган ва босиб олинган ҳудудларга «сезиларли ҳужум» бошлаган.

Украина Қуролли Кучлари матбуот котиби Валерий Шершен, ўз навбатида, Запорижжя вилоятида «фаоллик кучайганини» тасдиқлади, аммо буни «жиддий воқеа деб атамаслигини», бу минтақада Украина кучлари, асосан, ҳимояланишда давом этаётганини айтди. 

Шершен, шунингдек, Донецк вилоятида «маҳаллий аҳамиятга эга қарши ҳужум ҳаракатлари», хусусан, Велика Новосилка қишлоғи учун олиб борилаётган жангларни тасдиқлади. 

5 июнь куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Украина Қуролли кучлари «айрим йўналишларда» ҳужумга ўтганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, асосий эътибор Бахмутга қаратилган, фронтнинг жанубий қисмида эса фақат маҳаллий аҳамиятга эга жанглар бўлмоқда. 

6 июнь куни Украина президенти девони маслаҳатчиси Михаил Подоляк Каховка ГЭС тўғонининг вайрон қилиниши қарши ҳужум режаларини ўзгартириши мумкинлигини таъкидлади. 

7 июнь куни Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Олексий Данилов Украина ҳали қарши ҳужумга ўтмаганини ва агар ҳужум бошланса, «ҳамма бу ҳақда билишини» даъво қилди. 

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 8 июнга ўтар кечаси Украина Запорижжя йўналишида Россия мудофаасини ёриб ўтишга уринганини айтди. 

Унинг сўзларига кўра, ҳужум ярим тунда 1500 киши ва 150 та зирҳли техникадан иборат 47-механизациялашган бригада томонидан бошланган. 

«Россия разведкаси душманни пайқаб, артиллерия, авиация ва танкка қарши қуроллар билан профилактик зарбалар берди. Икки соатлик жанг бўлди, душман тўрт йўналишда тўхтатилди», деди мудофаа вазири. 

Шойгу жанг оқибатида россиялик ҳарбийлар орасида қурбонлар бор-йўқлиги ҳақида маълумот бермади.

Мавзуга оид