Украина ва Россия бир-бирини Днипронинг қуйи оқимида сув тошқинига сабаб бўлган Каховка ГЭС тўғонини портлатишда айбламоқда. Бироқ, тўғоннинг атайлаб вайрон қилингани ҳақида ҳеч қандай далил келтирилмаган. АҚШ расмийлари аноним вакиллар орқали Россия қўшинларининг ушбу фалокатга алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатларни махфийликдан чиқаришга ваъда беришди, бироқ кейинчалик ҳеч қандай ишончли далиллар йўқлигини расман эълон қилишди.

Портлашнинг видео далиллари ҳали пайдо бўлгани йўқ, улар ёрдамида тўғонни вайрон қилган айбдорни аниқлаш мумкин эди. Бундай шароитда фалокат сабабларининг учта версияси эҳтимолини баҳолашга тўғри келади: икки томондан бирининг диверсияси, шунингдек, тўғоннинг ўз-ўзидан вайрон бўлиши. Ҳозирда мавжуд бўлган ягона таҳлил воситаси – Днипронинг қуйи оқимидаги сув тошқини кимга кўпроқ фойда келтиришини аниқлашдир. Шуни ёдда тутиш керакки, бу айбдор томонни аниқлашга имкон бермайди, чунки сабабларнинг мавжудлиги ўз-ўзидан айбни исботламайди.

ГЭС тўғони вайрон бўлишидан олдин нималар бўлганди?

2022 йил 11 ноябр куни рус қўшинлари Днипронинг ўнг соҳилини тарк этди. Бунинг сабаби – катта гуруҳни дарё орқали таъминлашнинг қийинлиги эди. Ёзда Украина қуролли кучлари юқори аниқликдаги кўплаб HIMARS ракета тизимларини олди, уларнинг асосий нишонлари Днипро дарёси орқали Херсон областини боғлаб турувчи кўприклар бўлганди.

Херсон яқинидаги кўприкларга шикаст етказилди, оқибатда улардан фойдаланиш деярли имконсиз бўлиб қолди. Каховка сув омбори тўғони бўйлаб ётқизилган йўл ва темирйўллар ҳам бир неча бор ракета зарбалари натижасида шикастланди, аммо қисман сақланиб қолди. Бироқ, улар Қора денгиз ва Днипродан тортиб, Кривий Риҳ (Кривой Рог) чеккасигача бўлган улкан ҳудуддаги қўшинларни транспорт орқали таъминлаш учун етарли эмасди.

Чекинаётган рус қўшинлари тўғондаги йўл ўтказгичларни портлатиб юборишди. Шу билан бирга, тўғоннинг ўзи ҳам бироз зарар кўрди: портлаш жойидан сув сизиб чиқа бошлади, бу сунъий йўлдош тасвирларида ҳам яққол кўринди.

Россия қўшинлари чиқиб кетгандан сўнг, фронт чизиғи Днипро дарёси ва унинг ирмоқлари бўйлаб ўтди. Россия қуролли кучлари энди ўнг соҳилга ўтишга уринмади, Украина қуролли кучлари эса чап қирғоққа ўтишга тайёргарлик кўра бошлади.

Каховка ГЭС ҳудудида позицион жанглар бўлиб ўтди: иккала томон Днипро бўйлаб бир-бирига қарата ўқ узди. Тўғонда камикадзе дронлари ва танкка қарши ракеталар фаол ишлатилди. Россия қуролли кучлари чап соҳилдаги электр станцияси саноат биноларидан кузатув пости сифатида фойдалана бошлади. Тўғоннинг ўзини ҳеч ким назорат қилмади: чунки мунтазам ўққа тутишлар сабабли бунинг иложи йўқ эди (Россия ҳарбийлари фақат ГЭС биноларини назорат қилди, лекин тўғонни эмас).