Ўзбекистон | 20:44 / 09.06.2023
11000
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Италияда «ITMA 2023» тўқимачилик машинасозлиги кўргазмасига ташриф буюрди 

Президент йигириш ва тўқиш ускуналарини ишлаб чиқаришда дунёда етакчи бўлган ITEMA (Италия), Stäubli Group (Швейцария), Picanol, Vandewiele (Бельгия) ва бошқа компанияларнинг стендларини кўздан кечирди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Италияга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Милан шаҳрида ўтаётган «ITMA 2023» тўқимачилик машинасозлиги халқаро кўргазмаси билан танишди. 

Давлат раҳбарига Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана ва кўргазма ташкилотчиси – «Sematex» агентлиги раҳбари Эрнесто Маурэр ҳамроҳлик қилди. 

«ITMA 2023» - тўрт йилда бир марта ўтказиладиган тўқимачилик ва тикувчилик технологияларига бағишланган дунёдаги энг йирик кўргазма. Жорий йилда кўргазмада 47 мамлакатдан 1700 вакил ҳамда турли давлатлардан 100 мингга яқин меҳмон иштирок этмоқда. 

Президент йигириш ва тўқиш ускуналарини ишлаб чиқаришда дунёда етакчи бўлган ITEMA (Италия), Stäubli Group (Швейцария), Picanol, Vandewiele (Бельгия) ва бошқа компанияларнинг стендларини кўздан кечирди. 

Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев компаниялар раҳбарлари билан мулоқот қилди, янги технологик ечимларнинг тақдимотлари билан танишди. 

Ўзбекистонда тўқимачиликни ривожлантириш бўйича қўшма дастурларни йўлга қўйиш, янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, тўқув ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмларини маҳаллийлаштириш, компанияларнинг ваколатхоналари ва дастгоҳларга хизмат кўрсатиш марказларини очиш, технологларни тайёрлаш дастурини ишлаб чиқиш, фан ва замонавий технологиялар борасида ҳамкорлик ўрнатиш ва бошқа ташаббуслар муҳокама қилинди.

 

Танишув якунида мутасадди раҳбарларга Ўзбекистонда ускуналарни маҳаллийлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини релокация қилиш ва ўқув дастурларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш топширилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид