Путин биринчи марта Украина қарши ҳужумига изоҳ берди
Унинг сўзларига кўра, ҳужум бошлангани аниқ, аммо Украина қўшинлари ўз мақсадларига эриша олмади. Россияга эса замонавий қуроллар етишмаяпти.
Аниқ айтиш мумкинки, Украина қарши ҳужуми бошланди. Стратегик захиралардан фойдаланиш бошлангани ҳам бундан далолат бермоқда, деди Россия президенти Владимир Путин.
Украина қўшинлари ҳеч қайси ҳудудда ўз мақсадларига эриша олмади, бироқ Украина Қуролли Кучларининг ҳужум салоҳияти ҳали сақланиб қолмоқда. Россияда ҳамон замонавий қуроллар етишмайди, аммо ҳарбий-саноат комплекси жадал ривожланмоқда, унга юкланган барча вазифалар бажарилади, деди Путин.
Унинг таъкидлашича, сўнгги кунларда Украина ҳарбийлари орасида йўқотишлар кескин ошган.
Аввалроқ, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина қарши ҳужуми бошланганини маълум қилганди. 6 июнь куни у «душман ҳужумини қайтариш жараёнида» 71 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. 8 июнь куни эса Украина Запорижжя йўналиши бўйича Россия мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қилганини, «икки соатлик жанг»дан кейин душман тўхтатилганини айтди. Бундан ташқари, 8 июнь куни Шойгу саноатдан уруш зонасига барча турдаги ҳарбий техникани етказиб беришни тезлаштиришни сўради.
Украина расмийлари ҳужум бошланганини расман эълон қилмади. Бироқ, ғарб нашрлари, жумладан, ABC News ва The Washington Post ўз манбаларига таяниб, Украина қарши ҳужуми бошлангани ҳақида ёзди.
Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ ҳарбий ҳаракатларни бошлаш жадвали тасдиқлангани ва «барча қарорлар қабул қилинганини» айтган эди.