Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия ҳуқуқшунослари уруш жиноятлари бўйича халқаро трибунал ташкил этилишини қўллаб-қувватладилар
Россиялик ҳуқуқшунослар «Брюссел декларацияси»ни имзолаб, Россиянинг Украинадаги уруш жиноятларини тергов қилиш учун халқаро трибунал ташкил этилишини қўллаб-қувватладилар.
2023 йил март ойи ўрталарида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Путинни ҳибсга олишга ордер берди: у Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилишда гумон этилмоқда. Бироқ, ХЖС Москва ратификация қилмаган Рим статути асосида ишлайди ва шунга кўра, Россия унинг юрисдикциясини тан олмайди.
Украина президенти Володимир Зеленский бир неча бор Россиянинг ҳарбий жиноятларини тергов қилиш учун халқаро трибунал тузишни таклиф қилган. Уни Европа комиссияси ва АҚШ қўллаб-қувватламоқда: АҚШ Сенати аллақачон россиялик амалдорларни инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгарликка тортадиган халқаро суд органини яратиш лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Украина ташаббусини россиялик 26 нафар ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ фаоллари ҳам қўллаб-қувватлади. Улар Россиянинг Украинага бостириб киришини агрессия деб ҳисоблайди ва терговга ёрдам беришга тайёр. Июнь ойида улар «Брюссел декларацияси»ни имзоладилар. Meduza ҳужжат матнини тақдим қилди.
«Брюссел декларацияси»
Россия режимининг Украинага қарши бошлаган тажовузкор уруши Европадаги халқаро тинчлик ва хавфсизликка, инсон ҳуқуқлари ва халқаро қонунлар ҳурматига путур етказди. Биз Кремль бошлаган жиноий урушни кескин қоралаймиз. У Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг икки асосий органи - Бош Ассамблея ва Халқаро Суд қарорларига зид равишда давом этмоқда. Бундан ташқари, биз Украина бўйича Халқаро мустақил тергов комиссиясининг Россия томонидан ушбу қуролли можаро давомида ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар содир этгани ҳақидаги хулосаларини эътиборга оламиз.
Барқарор тинчликнинг ажралмас шарти бўлган адолатни қарор топтиришни биз бу мудҳиш жиноятлар қурбонлари олдидаги маънавий бурчимиз, деб биламиз. Ушбу жиноятларнинг айбдорлари, жумладан, тегишли халқаро механизмлар орқали жавобгарликка тортилиши керак. Шу муносабат билан биз Халқаро жиноят суди прокурорининг Украинадаги вазият бўйича терговини қўллаб-қувватлаймиз. Биз Россия расмийларининг ХЖС прокурори ва судьяларига қарши таҳдидларини рад этамиз.
Биз бошқа халқаро жиноятларнинг кенг миқёсда содир этилишига имкон яратган босқинчилик жиноятининг марказий ролини тан оламиз. Агрессив урушни режалаштирган, тайёрлаган ва давом эттираётган сиёсий ва ҳарбий раҳбарларни, шунингдек, уларнинг шерикларини жиноий жавобгарликка тортиш кўп сонли қурбонлар учун адолатни таъминлаш учун зарурдир.
Эслатиб ўтамиз, босқинчилик урушини режалаштириш, тайёрлаш, бошлаш ва олиб бориш умумий халқаро ҳуқуқ, шунингдек, Украина ва Россия қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланади.
Босқинчилик жинояти, таърифга кўра, давлатнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари томонидан содир этилиши мумкинлиги, шунингдек, Украинадаги вазиятда ХЖС ушбу жиноятлар устидан юрисдикцияни амалга оширишга қодир эмаслигини ҳисобга олиб, биз Украинанинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар иштирокида босқинчилик жинояти учун махсус халқаро трибунал тузиш ҳақидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз.
Бу ташаббус халқаро ҳуқуққа ва Россиянинг Украинага бостириб кириши БМТга аъзо давлатларнинг мутлақ кўпчилиги томонидан агрессия ҳаракати сифатида таърифланишига асосланади. Бундай трибунал судланувчиларнинг расмий мавқеи, шунингдек, халқаро ва миллий қонунчиликка мувофиқ фойдалана оладиган иммунитетидан қатъи назар юрисдикцияни амалга ошириши мумкин.
Бу уруш ўтмишда Россия раҳбарияти ва ҳарбийлари томонидан ўз заминида ва чет элда содир этилган оғир жиноятларнинг жазосиз қолиши туфайли юз берди. Жиноятларнинг такрорланишига олиб келадиган жазосизлик занжири узилиши керак. Биз жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ва жабрланганларга зарар қопланишига ёрдам беришга тайёрмиз.
Ҳозирча, ҳужжат россиялик 26 нафар адвокат, ҳуқуқшунос, ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳуқуқ фанлари номзоди ва профессорлари томонидан имзоланган. Аммо имзо тўплаш жараёни 12 июнгача давом этади ва уларнинг сони ошиши мумкин.