Жаҳон | 07:34 / 09.06.2023
8470
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг НАТОни Украинага шошилинч ёрдам кўрсатишга чақирди

НАТО бош котиби Каховка ГЭС вайрон бўлиши оқибатларини минглаб одамлар ва атроф-муҳит учун даҳшатли деб атади ва алянс аъзоларини зудлик билан зарур ёрдам кўрсатишга чақирди.

Фото: AP

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Атлантика алянси давлатларини Каховка ГЭС вайрон бўлиши оқибатида юзага келган экологик фалокат муносабати билан Украинага имкон қадар тезроқ ҳуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда 8 июн, пайшанба куни НАТО-Украина комиссияси йиғилишидан сўнг алянс матбуот хизмати маълум қилди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба НАТОга аъзо давлатларнинг доимий вакиллари даражасида видео-конференция орқали ўтказилган комиссия йиғилишида иштирок этди. У йиғилиш иштирокчиларига Каховка ГЭС тўғонининг ёрилиши оқибатлари ҳақида гапириб берди.

"Столтенберг минглаб одамлар ва атроф-муҳит учун оқибатлар драматик бўлишини айтди ва иттифоқчиларни тезкор ёрдам беришга чақирди. Иттифоқчилар Украина билан кучли бирдамлик билдирди ва уларнинг кўпчилиги аллақачон сув филтрлари, насослар, генераторлар ва ускуналар каби муҳим ёрдам кўрсатмоқда", - дейилади НАТО баёнотида.

Столтенбергнинг таъкидлашича, Украинани "зудлик билан, ўрта ва узоқ муддатли" қўллаб-қувватлаш НАТО мудофаа вазирлари ва Украина мудофаа алоқа гуруҳининг келаси ҳафтадаги учрашувлари ҳамда алянснинг июл ойида Вилнюсда бўлиб ўтадиган саммитининг асосий мавзуси бўлади.

Мавзуга оид