Жаҳон | 13:15 / 12.06.2023
15068
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги кўнгиллилар тўғрисидаги буйруқ бўйича биринчи шартномани имзолади

Россия Мудофаа вазирлиги кўнгиллилар тўғрисидаги буйруқ бўйича биринчи шартномани «Ахмат» билан имзолади. Шойгунинг 10 июндаги буйруғига кўра кўнгилли отрядлар 1 июлга қадар Мудофаа вазирлиги билан шундай шартномалар имзолаши шарт. Ҳарбий идора бу уларнинг бирлашган кучлар гуруҳи таркибидаги фаолияти самарадорлигини оширишини кутмоқда.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги «ҳарбий махсус операция» зонасида кўнгилли бўлинмаларнинг фаолияти тартибини белгиловчи буйруқ доирасида биринчи шартномани имзолади, деб хабар берди ҳарбий идора матбуот хизмати. «Россия Мудофаа вазирлиги ва Россия махсус мақсадлардаги университети томонидан тайёрланган «Ахмат» кўнгиллилар отряди ўртасида шартнома имзоланди», дейилади пресс-релизда.

Шартнома кўнгиллилар ва уларнинг оилаларини давлат томонидан ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари билан қамраб олади, дея қайд этиб ўтди Мудофаа вазирлиги. 

«Умид қиламанки, келажакда бизнинг биринчи тажрибамизга қараб, қолган кўнгилли отрядлар ҳам шундай шартномаларни имзолайдилар», деди Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг ўринбосари, генерал-полковник Алексей Ким. Давлат думаси депутати Адам Делимхоновнинг сўзларига кўра, шартнома «кўнгилли бўлинмалар ва отрядларнинг барча командирлари томонидан мамнуният билан имзоланади, чунки бу Мудофаа вазирлигидаги каби ҳарбий хизматчи мақомини беради». 

10 июнь куни мудофаа вазири Сергей Шойгу кўнгилли отрядларга 1 июлга қадар Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш мажбуриятини юклаган буйруқни имзолади. Буйруқ қўшма қўшинлар гуруҳи таркибида кўнгилли тузилмалардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларга зарур ҳуқуқий мақом бериш ҳамда «ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ташкил этиш ва уларга қўйилган вазифаларни бажаришда умумий ёндашувларни яратиш» мақсадида ишлаб чиқилган», дейилади идора матбуот хизмати хабарида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид