Жаҳон | 22:53 / 13.06.2023
9545
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага 325 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини ажратди

Украина, хусусан, 15 та Bradley пиёда жанговар машинаси ва 10 та Stryker зирҳли машинани олади. 

Фото: Kongsberg

13 июнь куни АҚШ Украинага янги 325 миллион долларлик қўшимча ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Бу, хусусан, NASAMS ва HIMARS тизимлари учун ўқ-дорилар, шунингдек, Bradley пиёда жанговар машинасини ўз ичига олади. 

Пентагон матбуот хизмати хабарига кўра, бу 2021 йил августидан бери Байден маъмурияти томонидан АҚШ Мудофаа вазирлиги омборларидан Украинага ёрдам кўрсатиш учун қирқинчи марта қурол олинишидир. 

Таъкидланишича, ушбу пакет «Украинанинг суверен ҳудудини қайтариб олиш саъй-ҳаракатларига ёрдам бериш ва украиналик аскарларни, тинч аҳолини ва муҳим инфратузилмани жасорат билан ҳимоя қиладиган Украина ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлаш учун асосий имкониятларни, шунингдек, артиллерия, танкка қарши тизимлар ва ўқ-дориларни ўз ичига олади». 

Янги ёрдам пакетида Украина қуйидагиларни олади:

- NASAMS зенит-ракета тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар;

- Stinger зенит тизимлари;

- HIMARS ракета ва артиллерия тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар;

- 155 мм ва 105 мм калибрли артиллерия снарядлари;

- 15 та Bradley пиёда жанговар машиналари;

- 10 та Stryker зирҳли транспорт воситалари;

- Javelin зирҳга қарши тизимлар;

- TOW ракеталари;

- AT-4 танкка қарши тизимлар;

- 22 миллиондан ортиқ ўқ-дорилар ва гранаталар;

- тўсиқларни бартараф этиш учун портловчи моддалар. 

Бундан ташқари, Украина ҳарбийлари тактик ҳимояланган алоқа воситалари, эҳтиёт қисмлар ва бошқа дала жиҳозларини олади.

Мавзуга оид