Ўзбекистон | 10:56 / 13.06.2023
20491
4 дақиқада ўқилади

«Мен президент бўлганимда ҳам шунга ўхшаш йўналиш танлаган бўлардим» – АҚШ элчиси Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳақида

АҚШ элчиси Россия ва Марказий Осиё давлатлари муносабатларига ҳам тўхталган.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари яхшиланиши икки мамлакат фуқаролари ва умуман минтақа учун фойдали ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник Alter Ego лойиҳаси учун берган интервюсида айтиб ўтди. Элчи Марказий Осиё учун ташқи кучларнинг кураши ва минтақанинг Россия билан алоқаларига ҳам тўхталиб ўтган.

«Марказий Осиёни фақат бошқалар таъсири учун курашиладиган майдон, дея таърифлаш жуда оддий бўларди. Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон 30 йилдан ортиқ вақтдан буён мустақил. Булар ўзлари мустақил қарор қабул қиладиган ҳукуматга эга давлатлардир.

Ўзбекистон ҳукумати ўз халқи манфаатларини ўйлаб ташқи сиёсат юритаётгани кузатиш ҳайрон қолдиради. Яъни бирор давлатга қараб қолмаган ҳамда барча қўшнилари билан яхши бўлишга уринаётган ташқи сиёсат. Худдики, Россия билан ҳам, Хитой билан ҳам, ЕИ ва АҚШ билан ҳам ижобий ва фойдали муносабатда бўлаётгандек ташқи сиёсат. Агар мен президент бўлганимда ҳам ташқи сиёсатда шунга ўхшашроқ йўналиш танлаган бўлардим.

Мен АҚШ-Ўзбекистон муносабатларининг мустаҳкамланиши ва АҚШ таъсирининг ортиши нимадир эвазига бўлиши кераклигига қаршиман. Аслини олганда икки томонлама муносабатларимиз яхшиланиши ўзбек халқи, Америка фуқаролари ва умуман минтақанинг фойдаси учун», – деган элчи.

Жонатан Ҳеник 2022 йил ноябр ойида Тошкентга келиб, Ўзбекистонни АҚШ билан ҳамкорлик қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирган Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володиннинг сўзларига ҳам муносабат билдирди.

«Менимча жаноб Володин ўз манфаатларини илгари сурган. У Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқмайди, балки ўзи ва Москвадаги ҳамкасбларининг манфаатларидан келиб чиқади. Россия тарихий сабабларга кўра Марказий Осиё билан яқин алоқаларга эга. АҚШ бундан норози эмас, лекин Россия Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳам мустаҳкамроқ ва мувозанатли алоқаларга эгалини кўрмоқда. Улар бу муносабатларнинг Россиянинг минтақадаги таъсирига зарар етказади, деб ўйлайди», – дейди у.

— Биз кўпинча ташқи кучлар турли тарафларга тортаётганини кўришимиз мумкин. Ўзбекистон қанча вақт бундай мувозанатли ташқи сиёсат юрита олади, деб ўйлайсиз?

— Ўзбекистон охирги йилларда катта ўсишга эришди, деб ўйлайман. Биз бу мамлакат жуда тез ривожланаётганини кўришимиз мумкин. Мен олдин ишлаган давримдаги Ўзбекистон ва ҳозиргиси ўртасидаги фарқ сезиларли (у муқаддам Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюросида матбуот ва жамоатчилик дипломатияси бўйича директор бўлиб ишлаган). Мен Ўзбекистон иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ўсишда давом этади, деб ўйлайман. Ўзбекистон ривожлангани сари ўз кучини мувозанатлаштириб туриш керак, деган фикрлар камайиб боради. Мен Ўзбекистон ўз оёқларида тура олиш учун етарли даражада кучли, деб ўйлайман.

Мен Москвадаги амалдорларнинг миясида нималар бўлаётганини билмайман. Бизнинг ўз қадриятларимиз ва ташқи сиёсий манфаатларимиз бор. Лекин, биз уларни бошқаларга ўтказишга уринмаймиз. Ўзбекистон ўзининг демократик ва иқтисодий ривожланиш йўлини ўзи танлайди. Агар кимдир Москвадан ёки бошқа жойдан «биз бошқа нарса қилаётганимиз»ни айтса, улар шунчаки ўз манфаатларини йўлида алдаётган бўлади.

Мавзуга оид