Ўзбекистон | 14:49 / 14.06.2023
4740
4 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Женевада Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори билан учрашди

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессиясида иштирок этиш учун Швейцариянинг Женева шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
 
Сенат раиси ташриф доирасида 12 июнь куни бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбо билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, хусусан ҳамкорлик қамровини кенгайтириш, жумладан, мамлакатимизда муносиб меҳнат шароитларини тизимли татбиқ этиш масалалари эътибор марказида бўлди.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ижтимоий адолат коалициясини тузиш, Ўзбекистонни Европа ва Марказий Осиё минтақасидан биринчилардан бўлиб коалиция аъзолари қаторига киритиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Сенат раиси мамлакатнинг ХМТ билан ҳамкорлигига тўхталар экан,   Ўзбекистон ҳамиша халқаро меҳнат стандартларига қатъий риоя қилиш йўлидан бориши, бу масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги, меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали ХМТ билан ҳамкорликни янада тизимли мустаҳкамлаш Ўзбекистон учун муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси (ISSA) бош котиби Марсело Aби-Рамиа Каэтано билан учрашув давомида эса икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг ташкилотдаги янада фаол иштироки бўйича биргаликдаги лойиҳаларни давом эттиришга эътибор қаратилди.

Суҳбат чоғида Т.Норбоева Ассоциация томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилаётгани ва уларнинг самарали натижаларига кўра, дунё бўйлаб ижтимоий таъминот механизмларини ишлаб чиқиш соҳасида муҳим таклифлар тайёрланаётганига тўхталиб ўтди. Бу ассоциациянинг ижтимоий таъминот соҳасида нуфузли халқаро механизм сифатидаги глобал роли тобора ортиб бораётганидан далолат эканини қайд этди.

М.Каэтано Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилишига тўхталар экан, бош котиб глобал миқёсда аҳамияти ниҳоятда ортиб бораётган масалаларни ҳал этишда бундай ихтисослаштирилган идорани ташкил этиш муҳимлигини қайд этди. Шу муносабат билан бош котиб Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси Ўзбекистонда янги ташкил этилган агентлик билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. 

Мулоқот якунида Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси билан  аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни фаол ва ҳар томонлама ривожлантириш юзасидан истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.

Шунингдек, Т.Норбоева Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар билан ишлаш бюроси директори Мария Хелена Андре билан мулоқот ўтказди.

Суҳбат чоғида  муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя тамойилларини жорий этиш, норасмий бандликка қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини асосий даромад билан таъминлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид