Жаҳон | 22:11 / 14.06.2023
11364
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи сунъий идрокни назорат қилиш йўлида биринчи қадамни қўйди 

ChatGPT каби контент яратувчи тизимлар ўз ижоди чегарасини аниқ белгилаб қўйиши ва уларни инсон иши сифатида кўрсатмаслиги керак. 

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи (ЕИ) дунёда биринчи бўлиб сунъий идрок (СИ) ривожланишини тартибга солиш ва одамларни ундан ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиш жараёнини ишга туширди. 

Бугун ЕИ ушбу қонунни қабул қилиш йўлида биринчи қадамни қўйди – Европа парламенти уни ёқлаб овоз берди. Энди Европа комиссияси, ЕИ Кенгаши ва Европарламент ҳужжатнинг якуний версияси бўйича келишиб олиши керак. Бироқ у 2 йилдан кейин кучга кириши аллақачон маълум. 

ЕИ қонунчилиги СИ тизимларини аҳоли ва истеъмолчиларга таҳдид даражасига кўра гуруҳларга ажратади ва уларнинг ҳар бири учун чекловчи чоралар ва назорат жараёнини ишлаб чиқади. Қонунга кўра, одамларнинг онгига таъсир қилиш учун яратилган тизимлар, онлайн режимда ишлайдиган биометрик таниб олиш тизимлари тақиқланади. 

13 июнь куни бўлиб ўтган баҳсда Европарламент депутатлари энг кўп эътиборни юзни таниб олиш тизимларига қаратди. Лойиҳада бундай тизимлардан онлайн режимда эмас, фақат жиноятчилар, террорчилар ва бедарак йўқолганларни қидириш учунгина, фақат суд қарори билан фойдаланишга рухсат бериш таклиф қилинди. 

Шунингдек, Еврокомиссия раиси ўринбосари Маргрете Вестагер сўзларига кўра, сунъий идрок ривожланиши билан боғлиқ энг жиддий муаммолардан яна бири бу дискриминациядир. Унинг таъкидлашича, инсониятнинг «Терминатор» усулида йўқ бўлиб кетишидан кўра муҳимроқ муаммо бу сунъий идрокнинг тарафкашлик ёки дискриминацияни кучайтириш потенциалида. 

«(Йўқ бўлиб кетиш хавфи) мавжуд бўлиши мумкин, аммо эҳтимоли жуда паст. СИ хавф-хатарлари кўпроқ одамларнинг камситилишига боғлиқ бўлади. Агар банк ипотека кредити ажратиш учун СИ хизматидан фойдаланса, бундай ҳолларда, одамнинг жинси, ирқи ёки яшаш жойи туфайли камситилишига йўл қўйилмаслигига амин бўлиш керак», деди у. 

Европа Иттифоқи икки йилдан бери ишлаб чиқаётган СИ тизимлари тўғрисидаги қонунда улар шундай гуруҳларга бўлинган: «қабул қилиб бўлмайдиган хавф», «юқори хавф», «генератор» тизимлар ва «чекланган хавф» гуруҳи. 

«Қабул қилиб бўлмайдиган хавф» гуруҳига қуйидагилар киради:

- одамларнинг онгига таъсир қилиш тизимлари;

- одамларни хулқ-атвори, ижтимоий-иқтисодий ҳолатига кўра ажратувчи ижтимоий рейтинг тизимлари;

- онлайн юзни аниқлаш тизимлари. 

Улар Европа Иттифоқи мамлакатларида тақиқланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид