Ўзбекистон | 11:09 / 15.06.2023
14283
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мактаб ўқувчилари ўртасида содир бўлган муштлашув оқибатида 4 ўқувчи жароҳат олди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчилар ўртасида муштлашув содир бўлди. Ҳолат 2023 йил 22 май куни соат тахминан 12:15 ларда Юнусобод туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг ҳовлисида юз берган

Тошкент шаҳар ММТБ матбуот хизмати хабарига кўра, мактабнинг 11-«б» ҳамда 11-«д» синфининг 6 нафар ўқувчиси ўзаро тортишиб қолишган ва муштлашган. Ҳодисадан хабар топган мактаб маъмурияти шу заҳоти уларни ажратиб қўйган. 

Муштлашув оқибатида ўқувчилардан Р.О., И.И., Й.Б., А.Б. енгил тан жароҳати олган ва уларга мактаб тиббий бўлим ходимлари томонидан биринчи ёрдам кўрсатилган. Жанжал иштирокчилари ўзларини яхши ҳис қилган, ҳеч ким беҳуш бўлиб қолмаган. 

Қайд этилишича, Юнусобод тумани ИИБ психолог-инспектори воқеадан хабардор қилинган, ички ишлар ходими соат 12:17 да мактабга етиб келган ва баённома расмийлаштирилган. Ўқувчиларнинг ота-оналари мактабга чақиртирилиб, фарзандлари иштирокида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Сўнгра ота-оналар ўз фарзандларини уйларига олиб кетишган. 

Билдирилишича, ҳолат тўлиқ Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси назоратига олинган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 

Мавзуга оид