Ўзбекистон | 13:48 / 16.06.2023
7906
2 дақиқада ўқилади

Наманганда янги темирйўл тармоғи тортилиб, янги автомобиль йўллари қурилади

2030 йилга қадар Поп ва Чустда 1 минг 200 мегаваттли 3 та қуёш электр станцияси ишга тушади. Шунингдек, Норин дарёсида 250 мегаваттли 1 та йирик ва 3 та кичик ГЭСлар ишга тушади. Бунинг ҳисобига, йилига қўшимча 5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилади. Бу – Наманганнинг йиллик электр энергияси истеъмолига тенг.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувда Наманган вилоятида транспорт тизимини яхшилашга оид қуйидаги режаларга тўхталди:

— аҳоли ва сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида, Уйчи тумани орқали Учқўрғон ва Норинни марказ билан боғлайдиган замонавий йўл қурилади;

— Поп туманини Наманган шаҳри билан боғлайдиган электр поезди қатнови йўлга қўйилади, Чуст ва Поп ҳудудидан ўтувчи темирйўл тармоғи тортилади (12 километр);

— энг муҳими, Поп-Наманган автомобиль йўлининг 75 километр қисми халқаро стандартлар асосида 4 тасмали цемент-бетон қопламали йўлга айлантирилади (160 миллион доллар).

Номзоднинг электр таъминотини яхшилаш бўйича режаларида эса 6,5 минг километр тармоқ, 2 мингта трансформатор ва 12 та подстанция янгиланиши, барча ижтимоий ва давлат идоралари ҳамда 15 мингта хонадонга умумий қуввати 82 мегаватт бўлган қуёш панеллари ўрнатиш ҳам бор.

Шунингдек, Учқўрғоннинг Қирғизистон билан чегарасида йирик “Эркин савдо зона”си ташкил қилинади. Наманган халқаро аэропорти ҳам ташқи бошқарувга берилиб, бу ерда “карго” юк терминали иш бошлайди.

Сардор Раҳмонқулов
Тайёрлаган Сардор Раҳмонқулов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид