Спорт | 22:42 / 17.06.2023
42096
3 дақиқада ўқилади

CAFA Nations Cup. Ўзбекистон Тожикистонни тор-мор этди

Ўзбекистонлик футболчилар қўшни давлат жамоаси дарвозасини беш бор ишғол этишди.

Фото: UFA

17 июн куни CAFA Nations Cup'да 3-тур баҳслари якунига етди.

А гуруҳида Ўзбекистон Тожикистонга қарши майдонга тушди. Ўйиннинг 13-дақиқасидаёқ Тожикистон футболчиси Парвизжон Умарбоев жарима зарбасини аниқ ижро этиб ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимда эса мезбонлар рақиб дарвозасини беш бор ишғол этишди. Дастлаб 53-дақиқада Жасурбек Яхшибоев ҳисобни тенглаштирувчи голни урди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Элдор Шомуродов Бобур Абдухолиқов ишлаган пенальтини аниқ ижро этди ва Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

73-дақиқада ёшлар жамоасидан асосий жамоага ўтган Аббосбек Файзуллаев дебют голини уриб, ҳисобни ишончли кўринишга олиб келди.

83-дақиқада Ҳожимат Эркинов қарши ҳужумда ўз услубида гол урди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида Остон Ўрунов ўзи ишлаган пеналтидан якуний ҳисобни ўрнатди - 5:1.

Шу тариқа, Сречко Катанец шогирдлари гуруҳни 100 фоизлик натижа билан якунлади. Ўзбекистонликлар биринчи турда Уммонни 3:0 ҳисобида, иккинчи турда Туркманистонни 2:0 ҳисобида мағлуб этганди.

Параллел кечган ўйинда Уммон Туркманистондан устун келиб, 4 очко билан 2-ўринни эгаллади. 

20 июн куни «Бунёдкор» стадионида ўтадиган финалда Ўзбекистон В гуруҳи ғолиби Эрон билан ўйнайди. «Пахтакор» стадионида эса Уммон В гуруҳида иккинчи бўлган Қирғизистон билан 3-ўрин учун баҳс олиб боради. 

CAFA Nations Cup
А гуруҳи. 3-тур. 17 июн
Ўзбекистон — Тожикистон 5:1

Голлар: Жасур Яхшибоев (53), Элдор Шомуродов (56, пенальти), Аббос Файзуллаев (72), Ҳожимат Эркинов (83), Остон Ўрунов (90+6, пенальти) — Парвиз Умарбоев (13). 
Ўзбекистон — Ботирали Эргашев, Алибек Давронов, Абдуқодир Ҳусанов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Жамшид Искандеров (Элдор Шомуродов, 46), Абдулла Абдуллаев (Аббом Файзуллаев, 46), Акмал Мозговой, Дилшод Саитов (Ҳожиакбар Алижонов, 83), Жасур Яхшибоев (Остон Ўрунов, 73), Бобур Абдихолиқов (Ҳожимат Эркинов, 73), Жамшид Болтабоев (Одил Ҳамробеков, 46).
Тожикистон — Рустам Ятимов, Зоир Жўрабоев, Манучеҳр Сафаров, Ваҳдат Ҳанонов (Содиқ Қурбонов, 65), Парвиз Умарбоев (Холмурод Назаров, 80), Амир Жўрабоев, Алишер Жалилов, Шервони Мабатшоев (Нуриддин Ҳамроқулов, 65), Эҳсони Пайшанбе (Комрон Турсунов, 80), Ахтам Назаров, Манучеҳр Жалилов (Муродали Акназаров, 87). 
Огоҳлантиришлар: Ваҳдат Ханонов (28), Иброҳим Халил Йўлдошев (38), Парвиз Умарбаев (41), Манучеҳр Сафаров (42), Эҳсони Паншанбе (59)

Туркманистон — Уммон 0:2
Голлар: Ал Мушайфри (42), Ас Субҳи (76). 
Туркманистон: Чориев, Аннагулиев,  Тойжанов, Сапаров, Атаев, Аннаев, Башимов, Аннадурдиев, Байов, Сапаргулиев, Чориев.
Уммон — Ал Муҳайни, Ал Ҳамиси, Ал Аҳбори, Абдулғафур, Ал Ҳасани, Ал Кааби, Ал Брайки, Ал Мушайфри, Ал Яҳёйи, Ал Мушайфри, Ас Саади.

Мавзуга оид