Жаҳон | 23:23 / 20.06.2023
15922
5 дақиқада ўқилади

Байденнинг ўғли солиқ жиноятида айбини тан олди, қурол айблови бўйича келишувга эришди 

АҚШ президенти Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден даромад солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик бўйича айбини тан олди. Шунингдек, қуролни ноқонуний сақлаш айблови бўйича суддан қутулиб қолиш имконини берадиган келишувга эришишга рози бўлди. 

Фото: Patrick Semansky/AP

Ҳантер Байденга нисбатан тергов АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп даврида тайинланган прокурор Дэвид Вайс томонидан олиб борилди ва айблов эълон қилиниши билан якунланди.

Reuters хабарига кўра, 53 ёшли Ҳантер Байден кўп йиллар давомида Трамп ва унинг республикачи иттифоқчилари томонидан тинимсиз танқид қилинади. Улар бошқа нарсалар қатори уни Украина ва Хитой билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларда айблаб келмоқда. 

Ҳантер Байден лоббист, адвокат, инвестиция банкири ва рассом бўлган, шунингдек, гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилиш билан курашаётганини оммавий тан олган. 

Суд ҳужжатларига кўра, Ҳантер Байден 2017 ва 2018 йилларда 1,5 миллион доллардан ортиқ солиққа тортиладиган даромад олган, бироқ у 100 минг доллардан ортиқ қарз бўлишига қарамай, ўша йилларда ҳеч қандай даромад солиғини тўламаган. Бу бўйича унга иккита айблов эълон қилинган эди. 

Адвокат Кристофер Кларк сўзларига кўра, шунингдек, ҳукумат Ҳантер Байденга ўқотар қуролни ноқонуний сақлаш айбловини қўйди. Бироқ, бунда судгача бўлган келишувга эришилади. У қамоқ жазоси ёки жиноий ҳукмдан қочиш имконини беради. 

«Ҳантерга нисбатан беш йиллик тергов якунланди. Мен Ҳантер ҳаётидаги нотинчлик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ даврда қилган хатолари учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини муҳим деб биламан. У саломатлигини тиклаш ва олдинга ҳаракат қилишни интиқлик билан кутмоқда», деди у. 

2020 йил декабрь ойида Ҳантер Байден прокурор Вайс солиқ ишларини текшираётганини маълум қилди. У ўзининг айбсиз эканини айтди. 

2021 йил чоп этилган китобида у гиёҳванд моддаларни, жумладан кокаинни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ муаммоларини, шунингдек, алкоголизмдан азият чекканини тасвирлаб берди. У 2014 йилда қонида кокаин топилгач, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари захирасидан бўшатилган. 

Президент Жо Байден ўғлининг гиёҳвандликни енгиб ўтганидан ғурурланиши ва уни қўллаб-қувватлашини анчадан буён таъкидлаб келади. 

Ҳантер Байден
Фото: Susan Walsh/AP

Оқ уй Ҳантер Байден билан боғлиқ вазиятга ортиқча изоҳ бериб ўтирмади. 

«Президент ва биринчи хоним ўз ўғлини яхши кўради ва қўллаб-қувватлайди, чунки у ўз ҳаётини тиклашда давом этмоқда. Биз бошқа изоҳ бермаймиз», деди расмий вакил Ян Сэмс. 

Прокурор Вайсдан фарқли ўлароқ, Республикачилар партияси вакиллари Конгрессда Байден оиласи вакилларига нисбатан ўз суриштирувини ўтказмоқда. Унга раҳбарлик қилаётган конгрессмен Жеймс Комер даъво келишувини «бетга шапалоқ» деб атади ва ўз ҳайъатининг суриштирувига асло халақит бермаслигини айтди. 

Махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлагани учун судланиши кутилаётган собиқ президент Доналд Трамп ҳам келишувни танқид қилди. 

«Вой-бў! Байденнинг коррупцияга ботган Адлия вазирлиги Ҳантердан юз йиллик жиноий жавобгарликни олиб ташлади ва «йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун жарима» белгилади. Тизим чиримоқда!» деб ёзди у ўз ижтимоий тармоғида. 

Президент Байденнинг тўрт фарзанди бор эди, улардан икки нафари ҳаёт: Ҳантер Байден ва қизи Эшли Байден. Унинг ўғли Бо Байден 2015 йилда саратон касаллигидан вафот этган. Қизи Наоми Байден эса болалигида автофалокатда ҳалок бўлган. Шунингдек, Жо Байденнинг биринчи хотини ҳам ушбу фожиада ҳаётдан кўз юмган. 

Теннесси университетининг президентлар тарихи тадқиқотчиси Аарон Кроуфорд сўзларига кўра, Ҳантер Байден АҚШ тарихида амалда бўлган президентларнинг жиноятда айбланган биринчи фарзандидир. 

Қайд қилинишича, илгари бир қанча президентлар оиласи можароларга аралашган, жумладан, катта Жорж Бушнинг ўғли Нил ва Ричард Никсоннинг укаси Дон. Нил омадсиз кредит ва жамғармалар билан шуғулланган, Донни эса бой тадбиркор Ҳовард Ҳьюз банкротликдан сақлаб қолган. 

Мавзуга оид