Жаҳон | 15:08 / 20.06.2023
5974
2 дақиқада ўқилади

Германия президенти Штайнмайер Қозоғистонга давлат ташрифини бошлади

Штайнмайер Қозоғистонга ташрифи билан минтақанинг катта геосиёсий аҳамиятига урғу беряпти. Германия ўзини Қозоғистонга шерик сифатида таклиф қилмоқчи, дея хабар берди президент девони. 

Фото: AQORDA

Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер икки кунлик давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев уни 20 июнь, сешанба куни эрталаб мамлакат пойтахти Остонада кутиб олди. Музокаралар ва матбуот анжуманидан сўнг икки давлат раҳбарлари Германия-Қозоғистон иқтисодий форуми ишида иштирок этади

Германия президенти девони маълумотларига кўра, Штайнмайер Қозоғистонга ташрифи билан Украинада уруш бошланганидан кейин ортган бу минтақанинг катта геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамиятини таъкидламоқчи. 

Германия ўзини Қозоғистонга ҳамкор сифатида таклиф қилмоқчи, бундан ташқари Берлиннинг Марказий Осиё билан алоқаларни кенгайтиришдан стратегик қизиқиши ортиб бормоқда, чунки Германия сиёсий ва иқтисодий майдонларда фаолроқ жойлашишни истайди, дейилади хабарда. 

Қозоғистон Германия учун биринчи навбатда йирик нефть ва газ захиралари туфайли иқтисодий манфаатлидир. Шведтдаги (Бранденбург) PCK нефтни қайта ишлаш заводи ҳозирда Қозоғистондан нефтни қайта ишламоқда, чунки Украинадаги уруш фонида январь ойидан бери Россиядан нефть етказиб бериш тўхтатилган. 

Штайнмайернинг ташрифи арафасида келишув имзоланган, унга кўра Шведтдаги завод 2024 йил охиригача Қозоғистондан ҳар ой 100 минг тонна хом нефть олади. Бу Шведт заводи қувватини узоқ муддатда 10 фоизга оширади. Штайнмайер келишув имзоланишини олқишлаб, уни «Шведт ва Германиянинг энергия хавфсизлиги учун яхши янгилик» деб атади. 

Германия Қозоғистонга мамлакатда ноёб тупроқ металлари борлиги туфайли ҳам қизиқиш билдирмоқда, айнан шу ноёб тупроқ металлари сабабли Германия Хитойга қаттиқ қарам. 

Штайнмайер 2017 йилда Қозоғистонга президент сифатида ташриф буюрган эди. Бунгача у Германия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири лавозимида ушбу мамлакатга бир неча бор келган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид