Мигрантлар уюшмаси раҳбари Россияга мигрантларсиз яшаб кўришни таклиф қилди
Ренат Каримовнинг айтишича, улар ўзини оқлашдан, асосий тармоқларда мигрантлар муҳимлигини эслатаверишдан чарчаган.
Россияда меҳнат мигрантларининг иқтисодий аҳамиятини баҳолаш учун тарихий эксперимент ўтказиб, уларнинг хизматидан вақтинча воз кечиш таклиф этилди. Бу ҳақда Меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси раиси Ренат Каримов гапирди.
«Ҳукумат асосий тармоқларда мигрантлар етишмаслигини айтади. Демографларнинг айтишича, истиқбол унчалик ёрқин эмас, иқтисодиёт янги меҳнат ресурсларини талаб қилади. Иш берувчилар меҳнат мигрантларига муҳтож. Айтишим мумкинки, Россия ишсизликнинг тарихий энг паст даражасида. Аммо ҳозир мигрантларни алмаштиришга тайёр одамлар кўп эмас. Баъзида қандайдир тарихий эксперимент ўтказиш яхшироқдек туюлади, чунки «мигрантлар ҳаммаёқни босиб кетди» ва шунга ўхшаш хитоблар тўхтамаяпти.
Агар шундай бўлса, унда меҳнат мигрантларисиз яшаб кўринг. Балки россияликлар иккита иш жойида ишлашни бошлар, мамлакат эса мигрантларсиз яшар? Ҳар доим ўзимизни оқлайвериш жонга тегди. Келинг, мигрантларсиз яшаб кўринг. Агар бу иш бермаса, мигрантлар иқтисодий жиҳатдан зарур деган иборани қулоғингизга қуйиб олинг», деди у.
Аввалроқ, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Россия президенти ҳузуридаги Кенгаш раҳбари Валерий Фадеев хориждан ишчи кучини қабул қилиш учун квота ажратиш ва қаттиқ танлов ўтказиш лозимлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, тил билмайдиган ишчиларни жалб қилиш мумкин эмас, улар кейинчалик Россияда анклав ташкил қилмоқда. Ренат Каримов бу сўзлардан ҳайрон қолганини айтди.
«Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари вақти-вақти билан ғалати таклифларни бериши бизни ҳайрон қолдиради. Биз бунга ҳеч қандай эҳтиёж сезмаяпмиз. Рус тилини билиши патент берилганда текширилади. Одамлар биринчи ёки иккинчи марта бу имтиҳондан ўтади, бу жараёнда улар тил бўйича билимларини оширади. Нега энди Фадеев танловни қаттиқроқ қилишни, мигрантлар сонини камайтиришни истаяпти? Бу мен учун жумбоқ», деди у.
Мавзуга оид
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
14:14 / 12.11.2024