Ўзбекистон | 20:25 / 20.06.2023
119252
4 дақиқада ўқилади

“Пул қани, итдан тарқаган?” – Бандихон прокурорининг маҳалла раисларини ҳақорат қилган аудиоси тарқалди

Ижтимоий тармоқларда Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махмановга тегишли экани айтилган аудио тарқалди. Унда солиқ тушумларини бажармаган маҳалла раислари куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилинганини эшитиш мумкин. Аудио катта эҳтимол билан 31 май куни ўтказилган йиғилишда ёзиб олинган.

Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махманов

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махманов экани айтилаётган аудио тарқалди. Ҳақоратли сўзларга тўла бўлгани учун таҳририят уни эълон қилмасликни лозим топди.   

Аудиода эшитилишича, туман прокурор йиғилишда ҳеч бир маҳалла раисига тўғри муомала қилмаган, барчасини уятсиз сўзлар билан ҳақорат қилган. Ҳатто аёл раисларни ҳам сўкишлари билан яхшигина “сийлаган”.

“Сен кеча нима ваъда берган эдинг, ит? 2 млн сўм туширгансан? Нимани ваъда бергандинг, кечаги пулни кўтариб келяпсан. Эркакмисан сен ўзи? Хотинчалиш. Итдан тарқаган экансан-ку. Одамдан тарқаганингда одамнинг ишини қилардинг-да. Бор, итнинг ишини қил, вовуллаб ўтир кўчада. Тур йўқол, ифлос”, дея ҳақорат қилган маҳалла раисларидан бирини прокурор.

Бошқа бир маҳалла раисига эса “Мен тушунмаяпман, бу тизим. Сиз ... еб ўтирибсизми, энангизники борми бу ерда?! Тўртта одамингизни йиға олмасангиз йўқолинг” каби сўзлар билан қўполлик қилинган.

“Бандихон қани? Қани оғайни, пул? 3 миллион? Энангникига тиқиб қўй у 3 миллионни. Кеча гапирган гапинг қани? Бор жойига қўйиб кел, мараз, итдан тарқаган! Обод турмуш қани? Ҳа, опа, 500 минг сўм тушган. Қани? Боринг, аризангизни ёзингда йўқолинг, ... борми сизга бу ерда ишлаб, давлатни, жамиятни ҳаром қилиб”, дея давом этган туман прокурори Махманов.

Прокурор яна бир маҳалла раисини “Энангникига бир бошингни тиқиб ол, тузалади, ўша ердан чиққансан-ку”, дея ҳақорат қилган. Бунга жавобан маҳалла раиси қўполлашмасликни айтган.

Ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Жумладан, Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Агар аудиодаги овоз ҳақиқатан ҳам Бандихон тумани прокурори Соатмурод Махмановга тегишли эканлиги тасдиқланса, у ҳақорат қилиш билан бир қаторда мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун ҳам жавоб беришига тўғри келади. 

Чунки солиқ тушумларини тушириш маҳалла раисининг вазифасига кирмайди. Президентнинг тегишли фармони билан эса фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланади.

Daryo сўровига жавобан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат ўрганилаётганини, тез орада ўрганиш натижалари ҳақида маълумот беришини билдирган.

Туман ҳокими фермерларни, вилоят ҳокими прокурорни, вазир ўринбосари фермерларни яхши гаплар билан “сийлаган” аудиолари кўп бора тарқалган. Аммо ҳозиргача ҳақоратли аудиоси тарқалган бирор мансабдор ҳуқуқий жиҳатдан жазога тортилмаган. Балки, Бандихон тумани прокурори бу борада биринчиси бўлар, буни вақт кўрсатади. 

Мавзуга оид