АҚШ Давлат котиби (Ташқи ишлар вазири) Энтони Блинкен 19 июн куни Хитойга икки кунлик ташрифини якунлади. У Жо Байден маъмуриятининг Пекинга ташриф буюрган биринчи юқори мартабали амалдори бўлди. Блинкеннинг сафари аслида 2023 йил феврал ойига режалаштирилган эди, бироқ АҚШ осмонидан учиб ўтган Хитой ҳаво шари сабаб ташриф қолдирилади. АҚШ Давлат котиби охирги марта 2018 йилда Хитойга келганди, бу Доналд Трамп кабинети вакили Майк Помпео бўлганди.
Блинкен Хитой ташқи ишлар вазири Син Ганг, Коммунистик партия Марказий қўмитасининг ташқи сиёсат бўйича куратори Ван И, шунингдек, Хитой раиси Си Жинпинг билан музокаралар ўтказди. Сўнгги дақиқагача Си Жинпинг Блинкенни шахсан қабул қилиши ноаниқлигича қолаётганди, бироқ якунда учрашув ўтказилди. Давлат департаменти бу ҳақда учрашув бошланишига бир соатдан камроқ вақт қолганда расман эълон қилди. Си Жинпинг ва Блинкен ўртасидаги музокаралар Халқ йиғинлари уйида бўлиб ўтди. Reuters нашри буни «ижобий дипломатик ишора» сифатида қайд этди, чунки бу ерда учрашувлар одатда фақат бошқа давлатлар раҳбарлари билан ўтказилади (Блинкен давлат раҳбари эмас).
Си Жинпинг ва Блинкен ўртасидаги учрашув тахминан ярим соат давом этган. Учрашув бошланишидан олдин Хитой раиси Блинкеннинг хитойлик амалдорлар билан ўтказилган учрашувларини шарҳлаб, «томонлар баъзи муҳим масалаларда муваффақиятга эришгани» ва бу «жуда яхши» эканини таъкидлаган. Шунингдек, у Давлат котибининг ташрифи икки томонлама муносабатларни барқарорлаштиришга ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирган. Блинкен, ўз навбатида, муносабатларга масъулият билан ёндашиш «АҚШ манфаатларига ҳам, Хитой манфаатларига ҳам ва бутун дунё манфаатларига ҳам мос келиши»ни таъкидлаган ҳамда Син Ганг ва Ван И билан учрашувларни «конструктив» деб атаган.
Си Жинпинг музокаралардан сўнг журналистлар билан суҳбатлашмади, бироқ ҳукуматга қарашли «Синҳуа» ахборот агентлиги Хитой раҳбарининг учрашув чоғидаги баёнотидан иқтибослар келтирган ҳолда мақола чоп этди. Хусусан, Си Жинпинг Хитой ва АҚШ икки томонлама муносабатларда «тарих, одамлар ва дунё учун масъулият ҳисси билан ҳаракат қилиши» кераклигини ва бошқа давлатларда ҳеч ким улар ўртасида зиддиятни кўришни истамаслигини айтган.
Си Жинпинг Хитой Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилишга умид қилишини таъкидлади, аммо Вашингтон ўз хатти-ҳаракатлари билан Пекиннинг «қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари»га зарар етказмаслиги кераклигини ҳам қайд этди. Хитой раҳбари, шунингдек, Блинкендан президент Жо Байденга «салом айтиб қўйиш»ни сўраган.

















