Ўзбекистон | 16:51 / 20.06.2023
25250
7 дақиқада ўқилади

Ёшлар агентлиги ўз ҳомийлигидаги лойиҳа ижрочиларини тендер ғолиби деб топди

Ёшлар ишлари агентлиги ўзи ҳомийлик қилиб келган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси учун тендер ўтказди ва лойиҳанинг амалдаги ижрочисини ғолиб деб топиб, у билан 1,5 млрд сўмлик шартнома тузди. Давлат ташкилоти хорижий тилларни ўргатувчи қисқа ва содда монтаж қилинган видеоларнинг ҳар бири учун салкам 7 млн сўмдан тўламоқда. Kun.uz суриштирувига кўра, бу бозор нархидан анча қиммат бўлиши мумкин.

Фото: Wikipedia

2023 йилнинг 27 апрель куни Ёшлар ишлари агентлиги хорижий тилларни ўргатувчи “Ибрат фарзандлари” лойиҳасига видеороликлар тайёрлаш ва хорижий тиллар марофонини ўтказиш учун тендер эълон қилган.

Тендер натижаси 28 апрелда маълум қилинган. Бошланғич нарх 1 млрд 580 миллион сўм деб кўрсатилган савдода 1 млрд сўм 530 млн сўм нарх таклиф қилган “Language-Media” МЧЖ ғолиб деб топилди.

Бу корхона 2023 йил 18 январда ташкил этилган. Устав капитали – 1 млн сўм. МЧЖнинг раҳбари ва ягона таъсисчиси – Санжар Муҳиддинов.

Санжар Муҳиддинов, бир пайтнинг ўзида, 2022 йил ноябрда ташкил қилинган ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси раҳбари ўринбосари ҳамдир. Яъни “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси учун эълон қилинган тендерда айнан шу лойиҳа раҳбарининг ўринбосари ғолиб бўлган.

Тендерда ютган, 1 млн сўм устав капиталига эга ёшгина компаниянинг видеоролик ишлаш бўйича тажрибаси бор-йўқлиги ҳақида интернетда маълумот учрамайди. Нега унда бу МЧЖ тендерда ютиб кетди, танловда бошқалар иштирок этмаганми?

Айнан шу савол сал олдинроқ Telegram'даги Ғазна каналида ҳам кўтарилганди. Унга жавобан агентлик матбуот хизмати танлов очиқ ва қонуний тарзда ўтказилганини маълум қилганди.

Агентликка кўра, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси 15 нафар малакали устозлар ва кўнгиллилар лойиҳаси бўлиб, унинг доирасида ёшларнинг хорижий тилларни бепул ва осон ўрганиши учун 10 дан ортиқ хорижий тил бўйича жами 900 дан ортиқ видеоролик яратилган. Агентлик эса лойиҳанинг тарғиботига ҳисса қўшган ва ташкилий ишларда ёрдам кўрсатиб келмоқда.

“Лойиҳа Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қўллаб-қувватланди ва тарғиб қилиниши ортидан ёшларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Лекин, ҳар бир лойиҳанинг ривожланиши ва яна миллионлаб ёшларга бепул тил ўргатишда давом этиши учун очиқ танлов эълон қилинди.

Танлов очиқ асосда ўтказилган бўлиб, унда 3 та мустақил ва бир-биридан фарқли МЧЖлар қатнашган ва эълон қилинган талаблар асосида танлаб олинган. Танлов иштирокчилари барча керакли ҳужжатларни топширдилар ва кўрсатилган барча талаблар бўйича лойиқ деб топилган ташкилот танлов ғолибига айланди”, – дейилади расмий изоҳда.

Баёнотда айтилишича, танловда ғолиб бўлган “Language Media” МЧЖ ва унинг раҳбари Санжар Мухиддиновнинг “агентликка алоқаси йўқ” ва у “ташкилотда фаолият олиб борувчи масъулларнинг қариндоши ҳисобланмайди”.

“Санжар Муҳиддиновнинг лойиҳа доирасидаги видеоларда кўриниш бергани унинг танловдаги иштирокида ҳеч қандай устунлик бермаганини алоҳида таъкидлаймиз”, – дея қайд этган Ёшлар ишлари агентлиги.

Очиқ маълумотларга кўра, Санжар Муҳиддинов Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабаси ҳисобланади. У 2023 йилнинг феврал ойидан бошлаб Ёшлар ишлари агентлиги ҳомийлигидаги “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси раҳбари ўринбосари лавозимида ишлайди ва у очган 3 ойлик МЧЖ ўзи ҳамкорликда ишлайдиган ташкилотнинг тендерида ютиб чиққан.

“Language-Media” МЧЖнинг юридик манзили сифатида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 15-мавзе 40-уй 4-хонадон кўрсатилган. Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, бу ерда ҳеч қандай корхона фаолият юритмайди – бу манзил аҳоли яшайдиган кўп қаватли уйлардан биридаги хонадоннинг манзили. Бу эса ғолиб компаниянинг видеолар съёмка-монтажи билан қаерда шуғулланиши ва умуман қай даражада бунга салоҳиятли экани ҳақидаги саволни келтириб чиқаради.

Шартномага асосан, маблағнинг 1 млрд 380 миллион сўми испан ва инглиз тилларидан 200 та видеодарс тайёрлаш учун (ҳар бир видеодарс 6,9 млн сўмга баҳоланган), қолган 150 млн сўми эса 3та ҳудудда хорижий тиллар марафонини ўтказиш учун ажратилади.

Агентлик маълумотига кўра, видеолар съёмкаси агентлик ажратган ҳудудда ва Саноатқурилишбанк ҳомийлигида ажратилган павильонда олинади. Съёмка қилиш учун жойни давлатнинг ўзи таъминлаб берса, яъни хусусий ташкилот видеоларни суратга олиш учун павильон қуриш ё ижарага олишга харажат қилмаса, 1 та видео учун 6,9 млн сўм ажратилиши бугунги бозор нархига қанчалик мос келади?

Давлат буюртмасини бажараётган хусусий компания видеоларни ўзига тегишли камера, микрофон ва чироқлар ёрдамида съёмка қилиб, ўзига тегишли компютерларда монтаж қиляптими ёки зарур техникаларни ҳам давлат ташкилоти тақдим этяптими – бу маълум эмас. Шу ўринда, компаниянинг устав капитали бор-йўғи 1 млн сўм эканини эслатиб ўтиш зарур, видео тайёрлашда керак бўладиган замонавий техникалар эса арзон турмайди.

Kun.uz мухбири видеороликлар олишга ихтисослашган таниқли фирмалардан бири билан мижоз сифатида боғланиб, “Ибрат фарзандлари” лойиҳасидаги видеоларни кўрсатган ҳолда, бундай видеоларни қанча ҳақ эвазига тайёрлаб беришлари билан қизиқди. Компания расмий тижорий таклиф йўллаган ҳолда, бундай турдаги (10-15 дақиқали, мураккаб элементларсиз, ўқитувчидан ташқари асосан статик матн ва суратлардан иборат, нисбатан содда монтаж қилинган) 10 та видеони 23 млн сўмга тасвирга олиш ва монтаж қилиб беришга тайёрлигини билдирди. Бунда битта видео учун 2 млн 300 минг сўм нарх тўғри келади. Давлат эса, юқорида айтилганидек, 6 млн 900 минг сўмдан тўламоқда.

Биз боғланган компания таклиф этган нарх ичига ўқитувчи хизмати киритилмаган. Kun.uz мухбири ўқитувчиларга видеодарслар учун тўланадиган ҳақ миқдори ҳақида маълумот олиш учун “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси раҳбари Рустам Қориев билан боғланди. Унинг сўзларига кўра, видеодарслар учун ўқитувчиларга уларнинг маҳорати ва педагогик тажрибасига қараб 500-1000 доллар атрофида ҳақ тўланади.

“Биз ойлик бермаймиз. Ўқитувчига битта тилдан дарс ўтиш учун маълум юклама қўйилади. Масалан, ўртача дарсимизнинг сони 100та бўладиган бўлса, ўқитувчи уни 1, 2 ёки 3 ойда ҳам тугатиб қўйиши мумкин. Қанчалик тез ва қанчалик сифатли қилиб берса, шунга қараб бераверамиз”, – деди Қориев.

У ўқитувчилар билан битта видеодарс учун қанча нархда ҳисоб-китоб қилинаётганига аниқлик киритмади. Агар унинг сўзларидан келиб чиқиб 100 та видеодарс учун 1000 доллар тўланади дея тахмин қилсак, битта видеодарс учун эҳтимолий 10 долларлик нарх келиб чиқади. Бу эса давлат томонидан битта видеодарс учун тўланаётган 6,9 млн сўмнинг ичида ўқитувчининг хизмат ҳақи катта ўрин тутмаслигига ишора қилади.

Мавзуга оид